Ҳар йили 17 ноябрь – Бутунжаҳон сурункали обструктив ўпка касаллигига қарши кураш куни сифатида нишонланади. Бу сана миллионлаб инсонлар ҳаётига бевосита таъсир қилувчи жиддий соғлиқ муаммосини енгиллаштириш учун дунё миқёсида бирлашишнинг муҳим омили.
Мазкур куннинг асосий мақсади сурункали обструктив ўпка касаллиги ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш, эрта ташхис қўйиш, ўлим даражасини камайтириш ҳамда соғлиқни сақлаш мутахассислари, сиёсатчилар ва жамоатчиликни бир мақсад атрофида бирлаштиришдан иборат.
Сурункали обструктив ўпка касаллиги – бу нафас йўлларининг торайиши ва алвеолаларнинг зарарланиши натижасида нафас олиш жараёни доимий чекланиб борадиган, белгилари аста-секин кучайиб бориш хусусиятга эга бўлган касаллик. У одатда йиллар давомида ривожланади ва дастлабки босқичлардаги енгил белгилар, яъни йўтал, нафас қисиши, ҳолсизлик кўпинча эътиборсиз қолдирилади.
Шу сабабли дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу касалликка чалинганларнинг чорак қисмигагина ўз вақтида ташхис қўйилади.
Сурункали обструктив ўпка касаллиги кўпинча 40 ёшдан ошганларда ривожланса-да, касалликнинг бошланиши бундан анча олдин бошланиши мумкин. Айниқса, тамаки чекувчиларда дастлабки белгилар 40 ёшдан аввал пайдо бўлади, чекмайдиганларда эса ўртача 13–15 йил кечроқ намоён бўлади.
2011 йилда ўтказилган эпидемиологик тадқиқотларга кўра, мамлакатда 11 миллион бемор мавжуд бўлса-да, расмий статистикада атиги 1 миллион инсон рўйхатга олинган. Бу фарқ касалликнинг йиллар давомида яширин кечиши ва вақтида ташхис қўйилмаслиги билан изоҳланади.
Бутунжаҳон сурункали обструктив ўпка касаллигига қарши кураш куни илк бор 2002 йилда ўтказилган. Бугунги кунда у 50 дан ортиқ давлатда кенг нишонланиб, жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича турли тадбирлар, семинарлар, бепул спирометрия акциялари билан бойитилмоқда. Бу фаолиятлар йил давомида ўтказиладиган соғломлаштириш акциялари ичида энг муҳим тадбирлардан бирига айланган.
Чекишга қарши кураш ҳам ушбу куннинг ажралмас қисми бўлиб, профилактик чораларнинг энг самаралиси сифатида қолмоқда. Тамаки истеъмолини камайтириш сурункали обструктив ўпка касаллигининг олдини олишнинг энг оддий йўли.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА