17 минг 200 дан зиёд тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди
Тошкент вилоятида жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 17 минг 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти, шу жумладан, 150 га яқин қўшма ва хорижий корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилди.
Тошкент вилоятида жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 17 минг 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти, шу жумладан, 150 га яқин қўшма ва хорижий корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ҳар бир тадбиркорнинг фаолият бошлаши учун қўядиган илк қадами тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтишдир. Бу жараёнда тадбиркор биринчи бўлиб давлат хизматлари марказига мурожаат қилади.
Мустақилликнинг илк йилларида корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун 7 та ҳужжат талаб этилиб, кўриб чиқиш муддати 10 кунгача чўзилар эди. Айни пайтга келиб давлат хизматлари марказида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиб, рўйхатдан ўтказиш бор-йўғи 30 дақиқада амалга оширилмоқда.
“Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида мамлакатнинг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чоралар кўриш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 5 февралида Президентимизнинг “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Тошкент вилоятида давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига қулай, шаффоф ва кенг турдаги давлат хизматларини кўрсатиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига 768 мингга яқин хизматлар кўрсатилди.
2018 йилда давлат хизматлари марказлари томонидан 20 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, жорий йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 17 минг 223 тага етди. Шунингдек, 2018 йилда 109 та хорижий инвестиция иштирокидаги (қўшма ва хорижий) корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, жорий йилнинг 9 ойида рўйхатдан ўтган қўшма ва хорижий корхоналар сони 145 тага етди.
Олиб борилган бундай саъй-ҳаракатлар натижасида Жаҳон банкининг “Doing business” йиллик ҳисоботида Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги масъул бўлган “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлати ичида 8-ўринни қайд этиб, Ўзбекистон тарихида биринчи бор Топ-10 ликка киритилди.
Мамлакатимизда бизнес юритишни осонлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш учун барча имкониятлар етарли. Давлат хизматлари маркази учун бу якуний кўрсаткич эмас. Тизим имконияти бундан-да юқори марраларга етади.
Абдулла Турсунов,
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти
бошқармаси бошлиғи ўринбосари