Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамда гендер тенглигини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, улар учун янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан олий таълим муассасаларига алоҳида мезонлар асосида хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиш тартиби ва бу борада амалга оширилаётган ишлар юқорида қайд этилган фикрларга ёрқин мисолдир.

Хотин-қизлар учун олий таълим муассасаларига берилган грант ўринларининг 4 фоизи миқдорида қўшимча давлат гранти ажратилиши мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўринларини топиши учун берилган кенг имконият бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги қарорда белгиланган тартиблар бўйича ўтган йили ана шундай имтиёз асосида ўқишга кириш учун Андижон вилоятидаги 2 минг 812 нафар эҳтиёжманд, шунингдек, 997 нафар камида 5 йил иш стажига эга бўлган хотин-қизга тавсиянома берилган. Тавсиянома тақдим этилган опа-сингилларимизнинг 167 нафари мамлакатимиздаги турли олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиниб, бугун улар давлат гранти асосида таълим олмоқда.

– Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан берилган тавсиянома асосида ўқишга кирганман, – дейди Андижон давлат университети математика факультети талабаси Роҳилахон Абдухалилова. – Тўплаган балим билан мен контракт асосида ўқишим лозим эди. Лекин Президентимиз томонидан хотин-қизлар учун берилган имтиёз, тавсиянома туфайли мен давлат гранти асосида таҳсил олаяпман.

Юртимизда мен каби ёшларга кенг имкониятлар эшиги очиб берилаётганлиги, эҳтиёжманд оилалар доимий қўллаб-қувватланаётганлигидан беҳад мамнунман. Бунинг учун Президентимиздан, ҳукуматимиздан чексиз миннатдорман.
Олий ўқув юртига кириши учун хотин-қизларга берилган имтиёз эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг фаол аъзосига айланиши учун кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда.

Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири