Наманган вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида маиший газ баллонлари ноқонуний тарзда техника ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мутлақо зид равишда фуқаролар хонадонларида сақланаётгани аниқланди.
Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” матбуот хизмати маълум қилди.
Унга кўра, Чуст тумани, Себзор маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Ҳ. хонадонида газ таъминоти филиалига қарашли ва аҳоли хонадонига имтиёзли равишда тарқатилиши белгиланган 49 дона маиший газ баллони ноқонуний тарзда сақланиб, аҳолига ҳар бири 80 минг сўмдан сотилаётгани маълум бўлган.
Бу каби ҳолат ушбу туманнинг Янги Боғишамол маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ф.M. хонадонида 45 дона, Сабзазор маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Р.M. эса 75 дона маиший газ баллонини ноқонуний тарзда сақлаб, суюқ газ савдоси билан шуғулланаётгани аниқланди.
Мазкур қоидабузарликлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга юборилди.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА