Амалдаги қонунчилигимизга кўра, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ҳамда самарадорлигини баҳолаш адлия идораларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича айбдор мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш, уларга нисбатан зарур таъсир чораларини қўллаш юзасидан қатор ишлар олиб борилди. Жумладан, 54 та давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотда уч маротаба ўрганиш, олти маротаба мониторинг ўтказилди. Ана шу тадбирлар давомида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 16 минг 483 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди.
Қонунбузилиш ҳолатлари хизмат кўрсатувчи ташкилотлар бўйича таҳлил қилинганда, уларнинг 1 минг 75 таси соғлиқни сақлаш муассасалари, 2 минг 718 таси газ таъминоти корхоналари, 5 минг 686 таси Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси ҳамда туман, шаҳар филиаллари, 3 минг 356 таси электр таъминоти корхоналари, 580 таси сув таъминоти идоралари, 1 минг 870 таси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, 1 минг 43 таси таълим муассасаси, 151 таси ҳокимлик ва 4 таси бошқа идоралар ҳисобига тўғри келади.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан жами 281 та таъсир чораси қўлланилди. Жумладан, тегишли ташкилотларга 1 та огоҳнома, 15 та тақдимнома киритилди, 262 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 3 нафар шахс билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Умуман, қўлланилган таъсир чоралари натижасида 285 нафар шахс жавобгарликка тортилди.
Масалан, Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилоят бошқармаси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими бош мутахассиси – катта рўйхатдан ўтказувчиси О.А. бошқармага келиб тушадиган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ мурожаатларнинг ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқилишини назорат қилишга масъул бўлса-да, у томонидан иш тўғри ташкил қилинмаганлиги, ходимлар фаолияти устидан етарли назорат ўрнатилмаганлиги натижасида 28 та ҳолатда мурожаатлар бўйича кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш муддати бузилган ва рад қилинган. Бундан ташқари, 4 минг 126 та мурожаат “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонуннинг 44-моддасида белгиланган тартиб бузилган ҳолда рад қилинган.
Мазкур ҳолатлар бўйича Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилоят бошқармаси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими бош мутахассиси – катта рўйхатдан ўтказувчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2155-моддаси 1-қисмига асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида, яъни 1 миллион 360 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Вилоят адлия бошқармаси, туман, шаҳар бўлимлари томонидан қонунлар доирасида киритилган тақдимномаларга асосан, 23 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди, 262 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан 267 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилиб, жарималарнинг 128 миллион 598 минг сўми ҳуқуқбузарлар томонидан ихтиёрий равишда тўланиши таъминланди.
Султонбек Исоқов,
Андижон вилояти адлия бошқармасининг
Давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш шуъбаси бошлиғи.
ЎзА