Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
16,4 минг тонна суюлтирилган газ маҳсулотининг талон-торож қилиниши олди олинди
13:42 / 2025-02-07

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти жорий йил бошидан буён аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга 3 миллиард 642 миллион 896 минг метр куб табиий газ етказиб берди.

Шундан 2 миллиард 556 миллион 298 минг метр куби аҳолига, 1 миллиард 86 миллион 598 минг метр куби улгуржи истеъмолчиларга етказилган. Иссиқлик таъминоти корхоналари 218 миллион 827 минг, ижтимоий соҳа объектлари 44 миллион 174 минг, автомобилларга газ тўлдириш-компрессор шохобчалари эса 352 миллион 405 минг метр куб газ билан таъминланган.  

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда жамият масъул ходими Азиза Мирзараҳимова маълум қилди.  

Таъкидланганидек, йил бошидан буён 65 минг 921 тонна суюлтирилган газ истеъмолчиларга етказиб берилди. Олис ҳудудлардаги аҳоли ҳам режа-график асосида баллонли газ билан таъминланмоқда. Қиш мавсумида талаб ортаётганини инобатга олиб, 35 минг 100 дона маиший газ баллони ва 2,7 минг тонна газ захира қилинган.  

Иситиш мавсумини барқарор ўтказиш учун 212 та махсус техника, 223 та автотранспорт, 596 та пайвандлаш ускунаси, 29 километр газ қувурлари, 3 500 дона бутловчи қисм тайёр ҳолга келтирилган. Шунингдек, 848 нафар мутахассисдан иборат 271 та авария бригадаси туну кун ишлаб, техник муаммоларни тезкор бартараф этмоқда.  

Жорий йилнинг ўтган даврида 5 минг 631 та ноқонуний газ истеъмоли ҳолати аниқланган бўлиб, 66 миллиард 800 миллион сўмлик 33,1 миллион метр куб табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинди. Шунингдек, 27 та “бункер” фаолияти фош этилиб, уларда 2 170 дона маиший газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланган. Шу билан бирга, 16,4 минг тонна суюлтирилган газ маҳсулотининг талон-торож қилинишига йўл қўйилмади. Ҳуқуқбузарларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилди.  

Газ тақсимлаш тизимини рақамлаштириш ишлари доирасида масофадан мониторинг ва назорат имконини берадиган телеметрия тизими жорий этилмоқда. Ушбу ёндашув газ таъминоти барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Пилот лойиҳа сифатида Паркент туманида синовдан ўтказилган тизим ҳозирда Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Наманган ва Сирдарё вилоятларида амалга оширилмоқда.  

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА