Рақобат қўмитаси томонидан давлат харидлари соҳасида ўтказилган мониторинг ва мурожаатлар таҳлили натижасида жами 16,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Андижон, Жиззах, Наманган, Навоий, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги қатор давлат ташкилотлари томонидан ўтказилган харид жараёнларида рақобат қоидалари бузилгани маълум бўлди. Айрим ҳолатларда энг яхши таклифларни танлаш жараёнларида рақобатни чекловчи ҳаракатларга йўл қўйилган.
Энг яхши таклифларни танлаш савдоларини ўрганиш натижасида Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни 29-моддаси талабларига риоя қилинмагани, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан буюртмачи ташкилотларга нисбатан белгиланган тартибда ишлар қўзғатилди ва тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида мажбурий кўрсатмалар берилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, давлат харидларида қонун устуворлигини таъминлаш нафақат бюджет маблағларининг самарали сарфланишига, балки тадбиркорлар учун адолатли ва очиқ рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА