Пиротехника воситалари савдосига қарши кураш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда навбатдаги тезкор тадбирда яна бир ноқонуний ҳолатнинг олди олинди. “Олтиариқ – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Н.Д. бошқарувидаги “ИСУЗУ” русумли юк автомашинаси тезкор кузатувга олиниб, белгиланган тартибда тўхтатилди ва холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада мазкур автомашина юкхонасига ортилган маиший буюмлар остига беркитиб жойлаштирилган, хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, дастлабки қиймати 163,1 миллион сўмлик 21 дона қутиларга жойлаштирилган 10 турдаги жами 185 033 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА