160 миллион сўмлик тиббиёт буюмларининг ноқонуний савдоси тўхтатиб қолинди
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида шунча қийматдаги сифати кафолатланмаган тиббиёт буюмларининг ноқонуний савдосига божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан чек қўйилди.
Сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган тиббиёт буюмларини юртимизга қинғир йўллар орқали олиб кириш нафақат қонунга хилоф, балки бу ҳолат инсон саломатлигига ҳам жиддий хавф туғдириши ҳеч кимга сир эмас. Бироқ ўзининг шахсий манфаати йўлида инсонларнинг саломатлиги ҳақида ўйлаб кўрмайдиган кимсалар учраб туради.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Р.Д. ўрнатилган тартибда кузатувга олинди. Кузатув жараёнида ушбу фуқаро ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 160 миллион сўмлик тиббиёт буюмларини шартли харидорга қонунга хилоф равишда сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.
Ушбу ҳолат бўйича божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Т.БЕКНАЗАРОВ,ЎзА.