Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида очиқ суд мажлисида гиёҳвандлик воситасини ўтказиш ва бошқа жиноятларни содир этган шахсга оид жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, Ф.Усманов илгари ҳам гиёҳвандлик воситаларини ўтказганлиги учун судланган бўлишига қарамай, тегишли хулоса чиқармасдан, 2006 йил 18 июль куни соат тахминан 13:00 ларда Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар ҳудудида контрабанда йўли билан олиб келинган, 553,44 грамм “героин” гиёҳвандлик воситасини таниши Н.Ямалиева билан 3 минг 500 АҚШ долларга қонунга хилоф равишда сотмоқчи бўлган вақтида қўлга олиниб, уларнинг иккаласига ҳам “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган эди.
Шундан сўнг, Ф.Усманов касаллиги сабабли, қўриқлов остида Янгиер шаҳар марказий шифохонасида даволанаётганида, уни қўриқлаш учун жалб қилинган ички ишлар органлари ходимларига ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши шарт ва мумкин бўлган ҳаракатларни бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида, шаърий никоҳдан ўтган турмуш ўртоғи И.Долженко билан жиноий тил бириктириб, аёл «Борщ» овқатини тайёрлаб келиб, ушбу овқат ичига «Димедрол» дорисини қўшиб, ички ишлар органлари ходимларига бериши натижасида ички ишлар органлари ходимлари ухлаб қолган, шу фурсатдан Ф.Усманов фойдаланиб, 2006 йил 19 август куни даволанаётган жойидан номаълум томонга, қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочган.
Ушбу ҳаракатлари учун Ф.Усмановга қўмаклашган Н.Ямалиева 2006 йил 15 сентябрда, И.Долженко эса 2006 йил 19 декабрда қонун олдида жавоб берди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида, Ф.Усманов Қозоғистон Республикасида бошқа жинояти учун жазосини ўтаб бўлганидан сўнг, мамлакатимизга олиб келинди. Суд мазкур жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиб, Ф.Усмановга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 222-моддаси 2-қисми “в” банди, 28-, 246-моддаси 2-қисми ва 25-, 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 59-моддасига асосан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, ЖКнинг 34-моддасига асосан уни “ўта хавфли рецидивист” деб топди.
Ш.Суяров,
ЎзА