Энергетика вазирлиги томонидан кеча, 16 январь куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати бош мутахассиси Обиджон Дилмуродовнинг маълумот беришича, 16 январь куни электр станциялари орқали 225 миллион киловатт соатт электр энергияси ишлаб чиқарилди. Республика истеъмолчиларига 227 миллион 300 минг киловатт соат электр энергияси етказиб берилди.
Шунингдек, газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга 140 миллион метр куб табиий газ ва 2 минг 100 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Истеъмолчиларни кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 7 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилди.
Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда штаблар тузилган, 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.
Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келган носозликлар бартараф этиб борилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳрида кеча кун давомида тармоқларда юзага келган 700 та носозликлар махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.
Зарур чора сифатида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида чекловлар (бир ярим соатдан икки соатгача) киритилди. Таъминотдаги узилишлар бўйича истеъмолчилардан 1 минг 161 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар юзасидан электр қурилмаларида юзага келаётган носозликлар махсус бригадалар томонидан бартараф этилмоқда.
Ҳудудларда газ босимининг пастлиги сабабли айрим хонадонларни табиий газ билан таъминлаш имконияти бўлмади. Хусусан, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Сурхондарё, Навоий, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг айрим хонадонларида газ таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Табиий ва суюлтирилган газ бўйича истеъмолчилардан 716 та мурожаат келиб тушди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилди.
Газ тармоқларида авариялар туфайли таъмирлаш ишлари истеъмолчиларни олдиндан огоҳлантирган ҳолда амалга оширилди. Шунингдек, вазирлик ва тизим ташкилотларининг масъул ходимлари ҳудудларга сафарбар этилган, истеъмолчиларни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Аномал совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган ва кузатилаётган носозликларни бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида туну-кун ишлайдиган 1 000 дан ортиқ махсус бригадалар ташкил этилган бўлиб, улар жойларда муаммолар тезкорлик билан бартараф этилишини таъминламоқда.
Шу ўринда истеъмолчилардан иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилган тавсияларга қатъий риоя қилишларини сўраймиз.
Электр таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки Телеграмдаги @HET_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамлари ёки Facebook ижтимоий тармоғидаги гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамлари ва @Uzbekcoaluz_bot “Телеграм” ботга мурожаат қилишингиз мумкин.
ЎзА