Сўнгги йилларда гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси жиноятчиликнинг энг хавфли кўринишларидан бирига айланиб, миллий ва минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда. Глобал миграция жараёнларининг жадаллашуви ва наркотрафик усулларнинг кенгайиб бориши божхона органлари олдига янги, мураккаб ва масъулиятли вазифаларни қўймоқда.
Таҳлиллар 2021–2025 йиллар давомида божхона органлари томонидан фош этилган наркожиноятлар таркиби, шакли ва географиясида жиддий ўзгаришлар юз берганини кўрсатмоқда. Божхона қўмитасининг маълум қилишича, 2021 йилда 537 кг. гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 1 тоннадан ошиб кетган. 2025 йилнинг 11 ойи якунларига кўра эса 1,6 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.

Бу ҳолат бир томондан божхона органларида хавфларни бошқариш, таҳлил ва назорат механизмлари самарадорлиги ошганини кўрсатса, иккинчи томондан наркотрафик ҳануз юқори даражада сақланаётганини ҳам англатади.
Мусодара қилинган моддалар таркибида табиий гиёҳвандлик воситалари етакчилик қилмоқда. Хусусан, «гашиш», «опий» ва «каннабис» асосий улушни ташкил этган. Бироқ сўнгги йилларда синтетик наркотиклар ҳамда лаборатория усулида тайёрланган моддаларнинг аниқланиши божхона назорати учун янги ва жиддий хавф сифатида намоён бўлмоқда.

Айниқса, кучли таъсир қилувчи психоактив моддалар ҳажмининг кескин ўсиши алоҳида ташвиш уйғотмоқда. 2025 йилнинг 11 ойида 1 тоннадан ортиқ шундай моддалар мусодара қилиниб, улар орасида «сибутрамин», «прегабалин» ва «габапентин» каби доривор препаратлар етакчи ўринни эгаллади.
Бу ҳолат наркотрафикнинг шакли ўзгараётганини, яъни классик гиёҳвандлик воситаларидан ташқари дорихона препаратлари ва синтетик моддалар орқали жамиятга кириб келаётган янги таҳдидлар кучайиб бораётганини кўрсатади. Афсуски, аҳоли орасида бундай моддаларни «нисбатан хавфсиз» деб баҳолаш ҳолатлари учраб, аслида эса улар оғир қарамлик ва саломатликка жиддий зарар етказмоқда.

2024–2025 йилларда трансчегаравий наркотрафикка қарши курашиш бўйича ҳам божхона органлари фаолияти сезиларли даражада кучайди. Халқаро ҳамкорлик асосида ўтказилган тезкор операциялар натижасида йирик ҳажмдаги гиёҳвандлик ва синтетик моддалар фош этилди. Асосий наркотрафик йўналишлари Афғонистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Россия ҳамда Қирғизистон орқали ўтувчи транзит йўллар экани қайд этилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакат ҳудудида «яширин нарколабораториялар»нинг пайдо бўлаётгани ҳам жиддий хавф сифатида баҳоланмоқда. 2024–2025 йилларда шундай лабораториялар фош қилиниб, уларда гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар ишлаб чиқарилган.
Интернет орқали наркотик савдосининг жадал ривожланиши эса замонавий ва ўта хавфли таҳдидга айланмоқда. Телеграм ва «Даркнет» платформаларидаги ноқонуний савдога қарши чоралар кўришда рақамли таҳлил ва замонавий ахборот технологияларига таяниш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Умуман олганда, наркотрафик муттасил такомиллашиб бораётган бир пайтда, унга қарши кураш ҳам анъанавий усуллар билан чекланиб қолмаслиги лозим. Суд-экспертиза салоҳиятини ошириш, прекурсорлар айланмасини қатъий назоратга олиш, интернет маконида тезкор чоралар кўриш ва трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш — бугунги куннинг энг муҳим вазифалари.
Наркожиноятларга қарши кураш фақатгина божхона ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир. Рақамлар ортида инсон тақдири турганини унутмасдан, профилактика, маърифат ва қонун устуворлигига таянган ҳолда олиб борилаётган тизимли курашгина ушбу хавфли иллатга қарши энг самарали ечим бўла олади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА