Мексиканинг Гвадалахара шаҳрида таэквондо бўйича "Париж-2024" олимпия ўйинларига рейтинг очколар тақдим этадиган XXV Жаҳон чемпионати баҳслари бошланди.
Дунёнинг 120 та мамлакатидан 700 нафардан зиёд таэквондочи иштирок этаётган мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоасининг 16 нафар аъзоси медаллар учун курашларга киришмоқда.
Мусобақаларда 1-5 ўринни эгаллаган спортчилар чемпионат низомига биноан "Париж-2024" Олимпиадаси йўлида муҳим рейтинг очколарига эга бўлади.

Айтиш лозим, мазкур чемпионатда ўнлаб жаҳон ва олимпия ўйинларининг ғолиблари иштирок этмоқда.
Кеча уч йиллик танаффусдан кейин бошланган жаҳон чемпионатининг илк кунги баҳсларида ўғил болалар 80 килограммда, қизлар 57 кило оғирликда медаллар учун беллашувларга киришди.

Ушбу вазнларда қатнашган терма жамоамиз аъзолари Шуҳрат Салаев ва Мадина Мирабзаловага омад кулиб боқмади. Ўғил болалар орасида ғолиблик Жанубий Корея спортчисига, қизлар ўртасида хитойлик таэквондочига насиб этди.
Бугун, 15 ноябрь куни жаҳон чемпионатининг иккинчи кунги баҳсларида ҳамюртларимиздан Никита Рафалович, Озода Собиржонова ҳамда Феруза Содиқова медаллар учун курашга киришади.

Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз, Токио олимпиадаси ғолиби Улуғбек Рашитов иштирокидаги беллашувлар эртага, 16 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Мусобақалар 20 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА