16 миллиард сўмдан ортиқ солиқларни тўлаш муддати кечиктирилди
Тошкент вилоятида 16,3 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тўловларини кечиктириш бўйича имтиёз берилади.
Тошкент вилоятида 16,3 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тўловларини кечиктириш бўйича имтиёз берилади.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Маълумки, мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш борасида тезкор, айни пайтдаги энг зарур чоралар кўрилмоқда. Тошкент вилоятида ҳам иқтисодиётга салбий таъсирни юмшатиш ҳамда тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган муаммоли масалаларни ҳал этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, тадбиркор субъектлари мурожаатлари вилоят мутасадди раҳбарлари томонидан республика штаби ҳамда вазирликлар билан оператив тарзда кунлик режимда ҳал этиб келинмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони талаблари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари мурожаатлари асосида умумий ҳисобда 109 та тадбиркорлик субъектининг солиқ тўловларини кечиктириш бўйича имтиёзлар яратилмоқда.
Жумладан, 67 та саноат корхонасига 12,1 миллиард, 5 та қурилиш корхонасига 0,2 миллиард, 18 та хизмат кўрсатиш соҳасига 1,5 миллиард сўмлик, шунингдек, бошқа соҳадаги 19 та корхонага 2,5 миллиард сўмлик имтиёзлар яратилиши кўзда тутилган.