Греция Республикаси Жануби-шарқий Европада, Болқон ярим ороли жануби ва шу атрофда жойлашган ороллардан иборат, пойтахти Афина шаҳри. Энг йирик ороллари Крит, Эвбея, Родос, Лесбос.
Греция парламент республикаси, давлат бошлиғи – Президент, парламентда очиқ овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади. Бир марта қайта сайланиши мумкин.
Қонун чиқарувчи ҳокимият Президент 10 кундан ортиқ чет элда бўлганда, вафот этганда, истеъфога чиққанда ёки ишга лаёқатсиз бўлиб қолганда унинг вазифасини бажариб турадиган Депутатлар палатаси (бир палатали парламент) ва Президентнинг ўзи ҳисобланади.
Парламент умумий тўғри ва яширин овоз бериш асосида 4 йил муддатга сайланади. Ижро ҳокимияти – Президент ва Бош вазир раҳбарлигидаги ҳукумат. Президент Бош вазирни ва унинг тавсиясига кўра, ҳукуматнинг бошқа аъзоларини тайинлайди. Бош вазир лавозимига парламентда кўпчилик ўринга эга бўлган партия раҳбари тайинланади.
Грецияда таълим тизими 4 босқичга бўлинади: 6 йиллик умумий, 3 йиллик ўрта ва 3 йиллик ўрта махсус, шунингдек олий таълим. Умумий ва ўрта таълим мажбурий. Афина, Салоники университетлари, Афина политехника институти ва бошқа кўплаб олий ўқув юртлари, илмий муассасалар мавжуд.
1842 йил ташкил этилган Афина миллий обсерваториясида геоастрофизика музейи очилган. Сайёҳлар бу ерда телескоп орқали осмон жисмларини кузатиши мумкин.
Неоклассик услубда қурилган, марказида мис гумбазли тош расадхона биноси меъморий ёдгорлик мақомига эга. Мажмуа учта – метеорология, астрономия ва сейсмология бўлимларига эга. Шунингдек, миллий расадхонада UNESCO ҳомийлигида табиий офатлар ўрганилади.
Марказий бино яқинида 2014 йил реконструкция қилинган кучли Доридис телескопи жойлашган.
Греция пойтахти Афинада бир нечта қадимий музей бор. 1874 йил ташкил этилган Миллий археология музейи, Акрополь (1878), Миллий тарих музейи (1882), Санъат асарлари миллий галереяси (1900), Византия музейи (1914) сайёҳларнинг севимли маскани саналади.
Грецияда 1881 йилдан нашр этиладиган “Акрополь” кундалик газетаси, “Қатъият” (1918), “Кун янгиликлари” (1919), “Минбар” (1922), “Иқтисодий хабарчи” (1926), “Тонг” (1952), “Афина янгиликлари” (1952), “Оқшом янгиликлари” (1952) каби қатор даврий матбуот нашрлари грек ва инглиз тилларида чоп этилади. Шунингдек, кўплаб электрон минбарлар ҳам мавжуд.
Эшиттиришлар 1938 йилдан, кўрсатувлар 1966 йилдан эфирга узатиб келинади.
ANA Грециянинг энг йирик миллий ахборот агентлигидир. Ушбу ташкилот ҳозир Афина-Македония ахборот агентлиги (ANA-MPA) таркибига киради.
1895 йил хусусий компания шаклида ташкил этилган ва айни пайт “Рейтер”, DPA, ТАСС, AFP каби глобал ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилади.
250 га яқин ANA ходимидан 180 нафари журналист. Агентликнинг Брюссель, Истанбул, Никосия ва Берлинда филиали, Вашингтон, Нью-Йорк, Мельбурн, Монреаль, Лондон, Париж, Скопье, Вена, Рим, Белград каб шаҳарларда мухбири бор.
Ўзбекистон Республикаси Греция Республикаси билан 1992 йил 16 март куни дипломатия муносабатини ўрнатган.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА