Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
16-20 октябрь кунлари IV Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ўтказилади (+видео)
10:34 / 2023-10-14

Маълумки, Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида мамлакатимизда 2017 йилдан буён халқаро амалий санъат биенналеси ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилаётган  мазкур — “Глобаллашув ва миллий анъаналарни асраш: танлаш имконияти” номли IV Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси жорий йилнинг 16 дан 20 октябрь кунига қадар ўтказилиши кўзда тутилган. 

Унда Ҳиндистон, Миср, Япония, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия, Литва, Франция, Италия каби 12 хорижий давлатдан келган 30 нафар амалий санъат устаси қатнашмоқда. Республикамиздан 60 нафардан зиёд амалий санъат усталари ўз ижодини намойиш этади. Бу юзасидан кеча — 13 октябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида, мазкур биенналенинг мақсад ва вазифаларига бағишланган матбуот анжуманида маълумот берилди.

“Бу йилги биенналени ўтказишдан асосий мақсад хорижлик ва ўзбекистонлик машҳур усталарни бир майдонда тўплаш, уларнинг ижод намуналарини халқимизга таништириш ва фикр алмашишларига имкон яратиш, тажриба алмашиш ва Ўзбекистонда амалий санъатни ёшлар аудиториясида тарғиб этиш, ўргатиш, сингдириб боришдан иборат. Шу билан биргаликда, мазкур йирик тадбир ёшларнинг миллийлигимиз, ўзлигимизни янада чуқурроқ англашларига, тарихни, маданий меросни ўрганишларига ёрдам беради”, – дейди санъатшунос Бинафша Нодир.

Ҳозирги “тушунчалар уруши” ва “оммавий маданият” хавф солиб турган бир даврда эса ғояси миллий анъаналарни асрашга қаратилган шу каби йирик тадбирларнинг ўтказилаётгани мақсадга мувофиқдир. 

Қолаверса, пойтахтимизда тўртинчи бор ўтказилаётган мазкур халқаро амалий санъат байрами унутилиб бораётган халқ анъаналарини қайта тиклаш, уни оммалаштириш, халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга, маданий-гуманитар алоқаларни халқаро миқёсда кучайтиришга ҳисса қўшади. 

Биеннале доирасида ўтказиладиган кўргазмалар ва маҳорат дарсларини томоша қилиш истагида бўлган ҳамюртларимиз ҳамда пойтахтимиз меҳмонлари қуйидаги дастурда белгиланган вақтлар ва манзиллар билан танишиб чиқишлари мумкин.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3ZUo6-hjr-k" title="16-20 октябр кунлари IV Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ўтказилади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

М.Эшмирзаева, Д.Якубов, ЎзА