Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
157 та маҳаллада табиий газ таъминоти яхшиланди
18:54 / 2024-01-08

Бугунги кунда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ “Ҳудудгаз Андижон” корхонаси томонидан Андижон вилоятидаги 256 мингдан зиёд табиий газ ҳамда 473 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчисига хизмат кўрсатилмоқда. Истеъмолчиларга мавжуд 5 минг 700 километр масофадаги газ қувурлари, шунингдек, 625 минг донадан зиёд маиший газ баллонлари орқали табиий ва суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

Ўтган 2023 йилда вилоят аҳолисини бир маромда табиий газ билан таъминлаш мақсадида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти корхонаси томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 2,6 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланди, 5,6 километр узунликдаги газ қувури реконструкция қилинди. Хусусан, Олтинкўл туманидаги Уйғур, Меҳнат маҳаллаларини табиий газ билан таъминловчи ўрта босимли ер ости газ қувури ҳамда Иттифоқ, Марказ маҳаллалари ҳудудидаги кўп қаватли уйларга газ етказиб берувчи тармоқнинг 800 погонаметр қисми, Асака туманидаги Юқори бўз, Ниёзботир маҳаллаларига тортилган 2,8 километр ер ости ўрта босимли газ тармоғининг 2 километр қисми мукаммал таъмирланди. Натижада 2 минг 320 та хонадонда табиий газ таъминоти янада яхшиланди. 

–“Тармоқларни қайта реконструкция қилиш ишлари” режасига кўра, вилоят бўйича 5,6 километр тармоқнинг хизмат муддати янада узайтирилди, – дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти корхонаси бош муҳандиси Раҳматилло Темиров. – Жалақудуқ туманидаги Ҳасанқовоқ маҳалласидан Гулистон, Навоий, Бозорбоши, Ғозичек маҳаллаларига тортилган 3,5 километрлик ер усти ўрта босимли газ тармоғинининг 2,1 километр қисми, шунингдек, Асака туманидаги Ҳамдўстлик, Барака, Бирдамлик, Муқимий, Беруний, Амир Темур маҳаллалари истеъмолчиларини табиий газ билан таъминловчи 5,9 километрлик ер ости ўрта босим газ тармоғининг 3,5 километр қисми реконструкция қилинди.

[gallery-15364]

Табиий газни истеъмолчиларга етказиб беришда газ тарқатиш қурилмаларининг фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўтган йили вилоятдаги мавжуд 1 минг 970 та газ тарқатиш қурилмаси соҳа ходимлари томонидан техник кўрикдан ўтказилиб, иш ҳолати яхшиланди. Туман, шаҳарлардаги 12 та қурилма мукаммал таъмирланиб, хизмат муддати узайтирилди. Белгиланган режага кўра, 107,5 километр узунликдаги газ қувурини юқори босим остида синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш ишлари белгиланган бўлиб, амалда 131,6 километр узунликдаги қувур синалди ва тозаланди. 

Соҳа ходимлари томонидан 154,5 километр ер усти газ қувурлари бўялди. Шу билан бирга, мавсумга тайёргарлик жараёнида 205,1 километр узунликдаги ер ости газ қувурларининг ҳолатини махсус асбоб ёрдамида текшириш режалаштирилиб, мутахассислар томонидан амалда 276 километр газ қувурининг ҳолати текширилди, режа 135 фоизга бажарилди. 

Юқоридаги каби ишларнинг амалга оширилиши натижасида вилоятнинг 157 та маҳалласидаги 70 мингга яқин хонадонда табиий газ таъминоти янада яхшиланди. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари