Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик байрами ҳамда Ўзбекистон ва Швейцария дипломатик муносабатлари ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан 156 та туман ирригация бўлимлари ҳамда вазирлик тизимидаги ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларига офис ва махсус ускуналарни топшириш маросими ташкил этилди.
Қайд этилишича, мазкур зарурий жиҳозлар Сув хўжалиги вазирлиги ва Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси, II босқич”доирасида харид қилинган.

Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари тасарруфидаги барча туман ирригация бўлимларига компьютер, принтер, замонавий сув ўлчаш воситалари, мебеллар ҳамда вазирлик тасарруфидаги касб-ҳунар коллежлари учун зарур бўлган лаборатория жиҳозлари харид қилиниб, ўз эгаларига топширилмоқда. Бу эса туман ирригация бўлимларининг моддий-техник базасини янада яхшилашга ҳамда сув хўжалиги коллежлари салоҳиятини оширишга ёрдам беради. Сув сарфини ўлчаш мосламалари сувнинг ҳисоб-китоби ва мониторингини шаффоф олиб бориш, шунингдек, маълумотларни онлайн алмашиш имконини беради.

Шунингдек, вазирлик томонидан туман ирригация бўлимлари маъмурий бинолари таъмирланиб, тўлиқ интернет тармоғига уланди ҳамда ҳар бир туман ирригация бўлимларида сув тежовчи технологиялар ва рақамлаштириш бўйича қўшимча штатлар очилиб мутахассислар жалб қилинди.
– Бугунги офис ва махсус жиҳозларни топшириш тадбири шунчаки PR- акция эмас, – дейди Швейцариянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский. – Бу Ўзбекистон сув хўжалигини ислоҳ қилишга қаратилган изчил ишларимизнинг давомидир. Туман ирригация бўлимларига жиҳозларни тақдим этиш билан бирга, сув хўжалиги касб-ҳунар коллежларига сув тежовчи технологиялар мутахассислиги бўйича янги дарсликларни топшираяпмиз. Бугунги кунга қадар, янги ўқув йили бошланиши арафасида 9 та касб-ҳунар коллежида сув тежовчи технологиялар бўйича кўргазма майдонлари ва жиҳозланган лабораториялар ташкил қилинди, тўлиқ жиҳозланди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, лойиҳа доирасида туман ирригация бўлимлари ходимларини ҳисоблагичлардан фойдаланиш бўйича ўқитиш режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА