Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Эндиликда мазкур бинода нафақат маҳалла идораси, балки тадбиркорлик субъектлари ҳам жойлаштирилади. Бу эса ўз навбатида янгиободликлар учун қўшимча қулайлик ва иш ўринларини яратади.
– Президентимиз вилоятларга қилаётган сафарлари давомида маҳалла раиси ислоҳотчи бўлиши кераклигини қайта ва қайта такрорлаб келмоқдалар, – дейди фонд республика бошқаруви раиси Д.Усманов. – Аммо маҳалла раиси ислоҳотчи бўлиши учун унга биринчи навбатда ишлаш учун шароит яратиш керак. Шунинг учун фондимиз узоқ йиллардан буён маҳалла идораларига мебель ва компьютер жамланмаларини совға қилиб келмоқда. Бугун ҳам «Янгиобод» маҳалласига қарийб 20 млн. сўмлик мебель ва компьютер жамланмаларини топширяпмиз.
Дарвоқе, Хоразм вилоятидаги «Жинговуз», «Саховат», «Ҳамжиҳатлик», «Зиёкорлар», «Обод», «Шанги», «Дўстлик», «Ифтихор» каби маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳам мебель ва компьютер жамланмалари совға қилинади.
Таъкидлаш жоиз, маҳалла идораларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш «Маҳалла» фондининг устувор вазифаларидан биридир. Фонд ҳар йили мазкур йўналишда аниқ дастур ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиб келмоқда. Жорий йилда ҳам бу анъана давом этади. Йил давомида 154та маҳалла идорасига компьютер ва мебель жиҳозлари олиб берилади, дея хабар беради «Маҳалла» фонди матбуот хизмати.