Молия вазирлигида ўтказилган матбуот анжумани мамлакатимиз инфратузилма муаммоларини ҳал этишда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг аҳамиятига бағишланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов вазирлик ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан республиканинг масъул вазирлик ва идоралари билан биргаликда 2019-2022 йиллар давомида давлат-хусусий шериклик бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
–Президентимиз иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида инвестицияларни, айниқса, хорижий инвестицияларни жалб қилишга катта аҳамият қаратмоқда. Бугунги кунда бизда давлат-хусусий шериклик бўйича ҳуқуқий меъёрлар яратилган. Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва айрим вазирликларда бу фаолиятга боғлиқ бўлимлар фаолияти йўлга қўйилган. Агентлик 2018 йил ноябрда ташкил этилди. Лойиҳалар эса 2019 йилдан амалга оширила бошлаган. Демак, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан республиканинг масъул вазирлик ва идоралари билан биргаликда 2019–2022 йиллар давомида умумий қиймати 12,4 миллиард доллардан ортиқ бўлган жами 437 та давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича ишлар олиб борилди.
Жумладан, энергетика соҳасида 26 та, коммунал хизматлар соҳасида 3 та, соғлиқни сақлаш соҳасида 48 та, сув хўжалиги соҳасида 157 та, экология соҳасида 71 та, таълим соҳасида 80 та, ҳунармандчилик саноати соҳасида 13 та, маданият соҳасида 31 та, транспорт, солиқ ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳаларида 2 тадан, ветеринария, чорвачиликни ривожлантириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида 1 тадан лойиҳалар амалга оширилмоқда, – деди О.Исоқов.
Шунингдек, матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунига асосан бажарилган ишлар ва режаларга ҳам урғу берилди. Жумладан, ўтган даврда мазкур қонунга биноан 371 та лойиҳа бўйича битим имзоланган бўлса, яна 51 та лойиҳа имзоланиш арафасида. Тендер босқичида бўлган лойиҳалар эса 15 тани ташкил этади.

Масъуллар давлат-хусусий шериклик бўйича келгусида амалга ошириладиган режалар ҳақида айтиб ўтди. Унда Агентлик томонидан Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси бўйича фармон билан тасдиқланган Давлат дастурининг 105-бандида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилади.
–Унга кўра, давлат-хусусий шериклик асосида энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, экология, коммунал хизматлар, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларга қиймати қарийб 14 миллиард доллардан иборат бўлган 154 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилмоқда, – деди вазирлик ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори вазифасини бажарувчиси Зокиржон Бозоров. – Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида 100 та мактабни хусусий инвесторлар маблағи ҳисобидан қуриш бўйича вазифалар белгиланди. Унга асосан 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрнини яратишимиз керак. Бунинг ҳисоб-қитобини қилганмиз. Бу ўринни яратиш учун 2 минг 899 та мактаб қуриш керак бўлади. Бунда бюджет ва хусусий мактаблар ҳисобидан қуриладиган мактаблар 2 минг 310 тани ташкил этади. Яна 589 та қўшимча мактаб қуришимизга тўғри келади. Албатта, бунда давлат-хусусий шериклик манбалари кўзда тутилган. Бугунги кунда 100 та мактабни қуриш бўйича ишларни бошладик.
Тадбир якунида журналистлар саволларига жавоб қайтарилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА