Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
153 нафар тингловчи Судьялар олий мактабини мувафаққиятли битирди
20:39 / 2024-07-16

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойилини янги босқичга кўтариш мақсадида кенг кўламли иш олиб бориляпти.

Хусусан, чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш, одил судловни амалга ошириш йўлида қонунийликни таъминлаш, соҳада кадрлар тайёрлаш муҳим йўналишлардан бири. Зеро, инсон тақдири одил судлов ва судьялар қарорига узвий боғлиқ.

Ўз билимига таяниб, илдам қадам ташлаётган, турли хил вазиятда тўғри хулоса чиқара оладиган навбатдаги 153 нафар тингловчи Судьялар олий мактабини мувафаққиятли тугатди. Бугун Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Cудьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси 2023-2024 ўқув йили битирувчиларига магистр дипломи тантанали равишда топширилди.

Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Судьялар ассоциацияси раҳбарияти, суд фахрийлари иштирок этган тадбирда Судьялар олий мактабида ўқув жараёни билан ҳуқуқни қўллаш амалиёти узвий боғлиқлиги таъминланиб, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш ўқув курси “70 фоиз амалиёт, 30 фоиз назария” тизими асосида ташкил қилингани қайд этилди.

Маросимда сўзга чиққан Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров 10 ойлик курс давомида Олий суд вакиллари, Кенгаш судьялари, Тошкент шаҳри ва вилояти судлари раислари ва ўринбосарлари мактаб жамоасига яқиндан ёрдам берганини таъкидлаб, машғулотларда иштирок этган судьяларга миннатдорлик билдирди.

– Бундан роппа-роса 316 кун муқаддам судьяликка номзод сифатида танлаб олинган битирувчилар ўқишга қабул қилинган эди, – деди Холмўмин Ёдгоров. – Профессор-ўқитувчилар, судьяларнинг бир йил мобайнидаги меҳнати, ўқувчиларимиз салоҳияти бугун юзага чиққани барчамизни қувонтирди. Нега биз судьялик касбига алоҳида эътибор қаратамиз, мутахассис тайёрлаймиз? Судьялик, аввало одамийлик, адолат талаб этувчи масъулиятли касб. Боиси, сиз-у бизнинг қароримиз инсонлар тақдири билан боғлиқ. Бир сўз билан айтганда, судья ким ҳақ, ким ноҳақлигини тўғри хулоса чиқариб, айта олиш керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги қарори билан ташкил этилган Судьялар олий мактабида ҳозирга қадар 345 нафар мутахассис таҳсил олган. Қувонарлиси, 323 нафар ёки 93 фоиздан юқори битирувчимиз бевосита судьялик фаолиятини олиб боряпти.

2023-2024 ўқув йилида жами 153 нафар – 48 киши жиноят ҳуқуқи, 47 номзод фуқаролик, 30 нафар мутахассис иқтисодий, 28 тингловчи маъмурий ҳуқуқ ихтисослиги бўйича таҳсил олди.

Анжуман чоғида 2024 йил 10 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқи ва эркинлигини ишончли ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзолангани таъкидланди. Ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан суд тизимида янги институт, яъни тергов судьялари жорий этилади.

– Аёл судьялар сафини кенгайтириш мақсадида алоҳида квоталар ажратганмиз, – деди Кенгаш раиси. – Бугунги битирувчиларнинг 41 нафари хотин-қиз. Ўйлайманки, улар ҳам тегишли тартибда судьялик фаолиятини бошлаб, албатта суд тизими ривожига муносиб ҳисса қўшадиган янги кучга айланади.

Касбий билимни чуқурлаштириш, суд маъмурияти фаолиятини юритиш кўникмасини эгаллаш, иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган ёндашув эътиборга олиниб, дарс, машғулот мавзулари шакллантирилмоқда. Масалан, психологик ҳолатни назорат қилиш кўникмасини шакллантириш учун “Стресс келтириб чиқарувчи ҳолатни бошқариш”, “Конфликтология. Низо келиб чиқиши, иш жараёнида низони ҳал қилишнинг самарали усуллари”, “Тайм-менеджмент: иш жараёнини тўғри ва самарали ташкил этиш” каби муҳим мавзулар муҳокамаси тингловчиларнинг келгуси фаолиятида асқотиши шубҳасиз.

Ўқув курсининг барча ихтисосликларига “Суд тизимида манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга қарши курашиш” ҳамда “Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар” каби янги машғулотлар киритилган.

“Судьяни судья ўқитади” тамойили асосига қурилган машғулотларга тажрибали судьялар, профессор-ўқитувчилар жалб қилинган. Профессор-ўқитувчиларимизнинг аксари, яъни 11 нафари ёки 85 фоизи юридик фанлар бўйича илмий даражага эга, 9 нафари ёки 70 фоизи кўп йиллар давомида судьялик лавозимида фаолият юритган. Бундан ташқари, дарсларга доимий равишда амалдаги судьялар, амалиётчи мутахассисларни жалб қилиш амалиёти ҳам жорий қилинган.

Тадбирда судьяликка номзодларни тайёрлашнинг жаҳон стандартига асосланган бутунлай янги тизими ижобий натижа бера бошлагани олқишланди.

Ҳилола Сулаймонбекова, битирувчи:

– Жуда ҳаяжондамиз. Бир йил олдин эзгу ниятлар билан, машаққатли меҳнат, имтиҳон, синовлардан ўтиб, тингловчи сифатида қабул қилингандик. Ўтган давр мобайнида ҳуқуқшунос олимлар, ўз соҳасининг етук мутахассислари, малакали судьялардан билим олдик, изландик, ўз устимизда ишладик.

Касбимизнинг энг нозик қирраларини ўзлаштиришга ҳаракат қилдик. Битирувчи сифатида айтишим мумкинки, нафақат билимли, балки юксак инсоний фазилатга эга, дунёқараши кенг, креатив фикрлайдиган, тафаккури кенг, бир сўз билан айтганда янги жамият, янги Ўзбекистон талабига тўлиқ жавоб берадиган судьялар корпусини шакллантиришга барча имконият сафарбар қилинган.

Ўқиш даврида назарий ва амалий билимдан ташқари, судьянинг касб этикаси, одоб-аҳлоқи, ишчанлик мулоқоти, суд музокараларини олиб бориш тактикаси, ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва тўғри қўллай олиш кўникмасини мустаҳкамлашга қаратилган дарслар, чет давлатлардан халқаро экспертлар жалб қилинган ҳолда ташкил этилган машғулотлар самарасини бериши шубҳасиз.

Абдулла Раҳимов, магистр-битирувчи:

– Таассуротим чексиз! Хайрли ва машаққатли меҳнат самараси ўлароқ, магистр дипломини олдим. Энди янада масъулиятли давр бошланади, деб ўйлайман. Судьялик – жуда машаққатли, шу билан бирга шарафли касб. Олган билимимизни амалиётда қўллаб, адолатни таъминлаш йўлида хизмат қиламиз. Халқимиз, юртбошимиз ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Судьялик деганда адолатни тушунишимиз керак. Давлатимиз раҳбарининг халқимиз манфаати йўлида олиб бораётган тўғри сиёсатини англаб, келгусидаги ишимизни, ҳар бир қароримизни шу йўлга мослашимиз лозим.

Гуландон Ирназарова, иқтисодиёт йўналиши тингловчиси:

– Бир йиллик машғулотлар давомида ўзимизга керакли хулосаларни олдик, тажриба алмашдик. Соҳанинг энг муҳим жиҳатларини ўзлаштирдик.

Бу ҳаяжонли дақиқаларни бир умр ёдда сақлайман. Зеро, бугундан эътиборан биз судьялик касби эгаларимиз. Фаолиятимда семинар ва машғулотларда ўтилган назарий билимни қўллашга ҳаракат қиламан. Назаримда судья адолатли, виждонли, энг асосийси ички ишончига асосланган қарор қабул қилиши керак. Ишимиз доим инсонлар тақдири билан боғлиқлигини ҳис қилиш лозимлигини тушундим. Барча битирувчиларга омад тилайман!

Тадбир якунида иштирокчилар, битирувчилар ва уларнинг оила аъзолари учун концерт дастури ташкил этилди.

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА мухбири