Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, "Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида прокурорлар секторидаги эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат ва дори-дармон берилиши таъминланди. 3 мингдан ортиқ оилага ихчам иссиқхона қурилишида ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 150 мингдан зиёд ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 504 нафар аёлга арзон уй-жой ажратилишида амалий ёрдам берилди.
“Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида 8 минг 618 нафар ёш тадбиркорга 1,8 триллион сўм кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилиб, 42 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. “Меҳрибонлик уйлари” ва “Болалар шаҳарчаси” муассасаларининг 216 нафар битирувчиси уй-жой билан таъминланди.

Ривожланишида нуқсони бўлган 109 мингдан зиёд болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 4 минг 397 нафарига дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари ва ўқув қуроллари берилди.
4 минг 397 нафар тадбиркорга кредит, 965 нафарига ер майдони, 249 нафарига бино ажратилишида, 3 минг 675 нафарига коммуникация тармоқларига уланишида ҳамда 2 минг 729 нафарига лицензия ва рухсатнома берилишида амалий кўмак берилди.
Кўрсатилган ёрдам натижасида 14 минг 407 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. 19 минг 357 та корхонанинг фаолияти тикланиши ҳамда 50 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши таъминланди.

2020 йилда жами 151 минг 266 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди. 34 минг 482 та қонунга зид ҳуқуқий ҳужжат қонунга мувофиқлаштирилди, аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш юзасидан 18 минг 988 та тақдимнома киритилди. Судларга 305 миллиард сўм зарарни ундириш ҳақида 9 минг 779 та ариза берилди. Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида жами 736 миллиард сўм зарар ундирилиши таъминланди.
Бош прокуратура матбуот котиби томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, 2020 йилда коррупциявий жиноят содир этган 1 минг 723 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Ўтган йилларда очилмай қолган 1 минг 125 та жиноят фош этилди, қидирувда бўлган 2 446 нафар шахс ушланди.
Бевосита прокуратура органлари томонидан 10 минг 372 та жиноят иши юзасидан тергов ўтказилиб, 6 минг 100 нафар шахсга нисбатан 3 минг 903 та жиноят иши судларга юборилди, жиноят оқибатида етказилган 622,2 миллиард сўмлик зарар айбланувчилардан ундирилди.
Прокурорлар ташаббуси билан 57 нафар шахс оқланди. Хорижий давлатларга айбланувчиларни экстрадиция қилиш ҳақида 194 та илтимоснома юборилиб, 155 нафар шахс мамлакатимизга этап қилинди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА