Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида аҳоли, айниқса, ёшлар ва аёлларда бизнес юритиш ва тадбиркорликнинг замонавий кўникмаларини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Биргина мазкур йўналишда Наманган вилояти Поп тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Жамшид Бўтаев раҳбарлигидаги тўртинчи сектор томонидан аҳолини ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш имконини берувчи тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари жорий этилмоқда.
Бунда кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ёрдам кўрсатиш, ёшларни иш билан таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида уч поғонали тизим асосида иш олиб борилмоқда.
Чодаклик Зулфинисо Акрамова ҳам ҳаёт қийинчиликларини кўп бор бошидан ўтказган. 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида Россиянинг Тюмен шаҳрида мусофирчиликда кун кечирган. Бугун эса фарзандлари, оиласи, яқинлари даврасида. У бугунги кунда аёлларга яратиб берилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланаётган ҳамюртларимиздан биридир.
Боиси, дастлаб ўзи, эндиликда келини Маҳлиё ва ён қўшниси Муслима билан биргаликда тикувчиликни бошлаган. Албатта, ҳаракатга яраша даромад ҳам олинмоқда.
“Маҳаллабай” асосида иш ташкил этаётган тўртинчи сектор раҳбарияти Зулфинисо Акрамованинг шароитини ўрганди. Ҳунарманд аёлнинг фаолиятини кенгайтириши юзасидан билдирган таклифига асосан имтиёзли кредит асосида 15 та янги тикув машинаси олишида амалий ёрдам кўрсатилди.
- Ишимни кенгайтириш учун имтиёзли кредит асосида тикув машиналарини олишимда яқиндан ёрдам беришди, — дейди Зулфинисо Акрамова. — Ниятим, маҳалламиздаги хотин-қизларни тикувчиликка ўргатиб, уларнинг бандлигини таъминлаш ва шу орқали рўзғорига қўлимдан келганича кўмаклашишдан иборат.
Шуни айтиш лозимки, “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури амалга татбиқ этилгач, ўз бизнесига эга бўлган оилалар сони тобора ортмоқда. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар замирида аҳолига яратилган имконият, имтиёз орқали турмуш тарзини яхшилаш асносида уларга билдирилган ишонч мужассам.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА