Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади
11:33 / 2025-12-29

Муносабат

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси мамлакатнинг кейинги йиллардаги қиёфасини, устувор йўналишларини белгилаб берувчи стратегик харита бўлди, десак муболаға бўлмайди. Унда акс этган муҳим вазифа ва мақсадлар кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан эътироф этилмоқда.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Зуҳра Мирғозиева Мурожаатномада қайд этилган рақамли технологиялар борасидаги ташаббус ва вазифалар ҳақида ўз муносабатини баён қилди:

— Мурожаатномада кейинги йилларда рақамли технологияни кенгайтириш, сунъий интеллектни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиши бежизга таъкидланмади.

Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизга шунчалар тез кириб боряптики, АТ барча соҳалар ривожида локомотив вазифасини ўтамоқда. Натижалар эса ниҳоятда салмоқли: қисқа вақт ичида IТ-Парк резидентлари сони 3 мингга яқинлашди, рақамли технология 40 минг нафардан ортиқ ёшлар учун юқори даромад манбаига айланди.  

Бунинг исботини кейинги 5 йилда соҳа экспорти 170 млн. доллардан 1 млрд. долларга етганидан ҳам билиш мумкин. 2030 йилга бориб, IТ хизматлар экспортини 5 млрд. долларга етказиш режа қилинган.  

Ўтган йили «Глобал стартаплар индекси» рейтингида Ўзбекистон 12 поғонага юқорилаб, «ТОП-100»ликка киргани, «Сунъий интеллектга тайёрлик» халқаро индексида эса 17 поғона кўтарилиб, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллагани бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз натижасидир.

Тарихий Мурожаатномада келгуси йилдан хусусий стартап марказларини ташкил этиш учун Ёшлар жамғармасидан беш йил муддатга 5 млрд. сўмгача фоизсиз ссуда берилиши таъкидланди.

Марказий банкда Молиявий технологиялар офиси ва Инновацион хаб ташкил этилиб, унга Сингапурдан мутахассислар жалб қилиниши ҳақидаги ташаббус эса йилига 20-30 та молиявий технологиялар стартапини ташқи бозорга олиб чиқиш ва уларга 1 млрд. доллар инвестиция жалб қилиш имкониятини яратади.

Келгуси йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида 4 та дата-марказ, 2 та супер компьютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади. Бу тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.  

Бугун минглаб иқтидорли ёшларимиз IТ ва сунъий интеллект бўйича изланиш олиб бораётган экан, уларнинг квант, дрон, робототехника каби йўналишлардаги конструкторлик лойиҳаларини амалиётга татбиқ қилиш учун «Рақамли технологиялар маркази» ташкил этилади.

Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномадаги ҳар бир мақсад-вазифа мамлакатимиз равнақини янада юқори поғонага кўтаришга хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.

ЎзА