15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди
Амалдаги қонунларимизда вояга етмаган болани таъминлаш мажбуриятини ихтиёрий бажармаган ота ёки онадан суднинг ҳал қилув қарори ёки буйруғига асосан алимент ундириш белгиланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманлараро судининг ўтган йил октябрь ойидаги буйруғига асосан, Кегейли туманида яшовчи О.К. икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлаш белгиланган бўлса-да, қарздор ота 50 миллион сўм алимент пулини тўлашдан бош тортган. Шу сабабли Мажбурий ижро бюроси Кегейли туман бўлими давлат ижрочиси томонидан отага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Кегейли туман судига юборилди.
Суд томонидан алимент тўлашдан бош тортган отага Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири