Ҳар йили 15 октябрь куни бутун дунё бўйлаб Халқаро қишлоқ аёллари куни нишонланади. Бу кун қишлоқ ҳудудларида яшовчи аёлларнинг жамиятдаги роли, уларнинг меҳнати ва ҳиссасини қадрлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида белгиланган. Қишлоқ аёлларининг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётдаги ўрни катта, чунки улар кўплаб мамлакатларда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, оилавий фаровонлик ва анъанавий маданиятни сақлашда асосий устун бўлиб хизмат қиладилар.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги 62/136-сонли йиғилишида 15 октябрь Халқаро қишлоқ аёллари куни деб расман эълон қилинган. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида мазкур сана Халқаро қишлоқ аёллари куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 15 октябрь санасини Халқаро қишлоқ аёллари куни сифатида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Шу билан бирга, Ҳукумат томонидан агросаноат йўналишидаги вазирлик ва идоралар, шу жумладан, “Ўздавкарантин” инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига жорий йилнинг 15 октябрь куни ушбу кунга бағишланган мазмунли тадбирлар ташкил этиш топширилган.
Таъкидлаш жоизки, ушбу иш республикамизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш, улар учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижаларидан бири.
15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни дунё қишлоқларида яшовчи аёлларнинг меҳнатини, ижтимоий ва иқтисодий ролини юксак қадрлаш ва уларга эътибор қаратиш учун муҳим кун.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА