Ҳинд океани Бенгалия қўлтиғи бўйида жойлашган Жанубий Осиё давлати – Бангладеш Халқ Республикаси 1991 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон мустақиллигини расман тан олган. Икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабат расман 1992 йил 15 октябрда ўрнатилган. 1996 йил март ойида Тошкентда Бангладеш элчихонаси очилишиўзаро алоқаларни чуқурлаштиришда институционал қадам бўлди.
Давлатларимиз савдо-иқтисодий ҳамкорликка устувор масала сифатида алоҳида эътибор қаратиб келади.
2024 йилги савдо муносабати мустаҳкам иқтисодий алоқалар ва мавжуд салоҳият ҳозирги кўрсаткични бир неча баробар ошириш имконияти етарли эканини кўрсатди. Шунингдек, имзоланган қатор келишувлар, англашув меморандумлари товар айирбошлаш мунтазам ўсишига хизмат қилмоқда. Айниқса транспорт ускуналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулолтлари олди-сотдисига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Ўзбекистон савдо ташкилотлари ички харид учун Бангладеш экспортига тобора кўпроқ мурожаат қилиши туфайли ўтган йил тегишли кўрсаткич 1,6 миллиард долларга етди.
Бангладеш божхона хизмати маълумотига кўра, фирмалар томонидан савдо тежамкор бошқарилиши натижасида маҳсулот айирбошлаш йиллик миқдори тахминан 6,7 фоиз ошиб, рекорд даражага кўтарилди.
“Bangladesh Export Data” ҳисоботида 2024 йил мамлакатимизга экспорт қилинган энг яхши 10 турдаги маҳсулот тайёр кийим, фармацевтика, чарм, арқон-ип, каноп, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, музлатилган денгиз жониворлари гўшти, тўқима ип ва мато, сопол буюм, қоғоз ва елим бўлди.
Маданий-гуманитар алоқалар, айниқса маданият ва зиёрат туризми борасидаги шериклик ҳам жадал ривожланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бангладеш – унитар республика. Пойтахти Дакка шаҳри. 1972 йил кучга кирган конституцияга биноан, Президент давлат бошлиғи ҳисобланади. Бир палатали парламент – Миллий мажлиснинг 330 депутати президент сингари 5 йил муддатга сайланади. Ижро ҳокимияти Президент ва ҳукумат.
Бангладеш 1974 йилдан БМТ аъзоси. 26 март – Мустақиллик куни асосий миллий байрам сифатида қабул қилинган.
Асосий расмий ахборот агентлиги саналадиган Бангладеш Миллий ахборот агентлиги (BNA) 1972 йил, мустақилликка эришилгандан сўнг очилган бўлиб, ички ва ташқи воқеалар ҳақида тўғри, ишончли хабар етказиб бериш мақсадида фаолият юритади. Сиёсат, иқтисодиёт, маданият, спорт, атроф-муҳит каби кенг кўламли мавзуларни қамраб олади.
1970 йил ишга тушган хусусий янгиликлар тармоғи “Eastern News Agency” ва “NsNewsWire” матбуот-ахборот агентлиги ҳам бор. Бангладеш ОАВ Осиёнинг кўплаб етакчи ахборот агентликлари, кундалик газеталар, телеканаллар билан шериклик ўрнатган. Бангладешда радио ва телевидение давлатга қарашли ҳисобланади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА