Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
15 ноябрь – Бутунжаҳон чиқиндиларни иккиламчи қайта ишлаш куни
16:22 / 2025-11-15

Маълумки, сўнгги йилларда Ер юзида турли кўринишдаги экологик муаммолар кескин тус олиб, табиат мувозанати бузилиб, инсоният саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, чиқинди масаласи ҳам тобора глобаллашиб бораётган экологик муаммоларнинг катта бир бўлагидир.

Хусусан, аксарият давлатларда ишлаб чиқариш соҳаси ривожланиши оқибатида йирик ҳажмда чиқиндилар ҳосил бўлмоқда. Ушбу муаммони бартараф этиш юзасидан бугунги кунда чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ривожлантириш, уларнинг катта қисмини қайта ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Негаки, чиқиндиларнинг қайта ишланиши, аввало, табиат учун катта фойда. Қолаверса, бу орқали арзон хом ашёга эга бўлиш ва табиий ресурсларни тежаш мумкин.  

Дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам 15 ноябрь – Бутунжаҳон чиқиндиларни иккиламчи қайта ишлаш куни сифатида юқоридаги долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан кўзланган асосий мақсад жамият, давлат ҳамда саноат тузилмаларининг эътиборини чиқиндилар масаласига, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ҳамда чекланган ресурслар муаммосига қаратишдан иборат.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 декабрдаги қарорига асосан республикада чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизими босқичма-босқич қуйидаги тартибда жорий этилмоқда.

1-босқич – 2021 йилда Тошкент шаҳрининг аҳоли турар жойларидаги чиқиндиларни йиғиш пунктлари ҳудудида маиший чиқиндилар “қайта ишланадиган” ва “қайта ишланмайдиган” чиқиндиларга бўлинди.

2-босқич – 2022 йил Тошкент шаҳрида “қайта ишланадиган” ва “қайта ишланмайдиган” тоифаларга бўлинган маиший чиқиндиларни йиғиш “Махсустранс” давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширила бошланди.

3-босқич – 2024-2028 йилларда Республика ҳудудида “қайта ишланадиган”, “қайта ишланмайдиган”, “органик”, “хавфли маиший чиқиндилар” ва бошқа тоифалари бўйича тизим босқичма-босқич жорий этилади.

Чиқиндилар масаласида ҳар бир фуқаронинг экологик маданиятини ошириш, унга дахлдорлик ҳиссини уйғотиш бугунги кунда талаб этиладиган энг муҳим ижтимоий вазифалардан бири ҳисобланади. Бу эса, табиатни асраш ва уни соф ҳолда келгуси авлодларга етказишнинг энг муҳим омили!

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА