15 нафар маҳкум ҳаёт оқимига қайтди
Инсон билиб-билмай гоҳида хатога йўл қўяди.
Ҳаёт жуда мураккаб. Инсон билиб-билмай гоҳида хатога йўл қўяди.
Уларни кечириш, имкон бериш ҳамда қайноқ ҳаётнинг қайноқ оқимига қўшиш эса чинакам инсонпарварлик тамойили саналади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди томонидан жазо ўтаб турган 15 нафар маҳкумни жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинганлиги ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.
– Мамлакатимизда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият сифатида тан олинган, – дейди жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди раиси Фарруҳжон Абдураимов.-Айниқса, инсонни янгидан ҳаётга қайтариш улуғ иш. Мустақиллик байрами арафасида бир неча оилаларга қувонч кириб борди. Туман ички ишлар органлари пробация гуруҳи ҳисобида жазо ўтаб турган 15 нафар маҳкумларни жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. Бунда уларнинг жазони ўташ даврида ўзини яхши томондан кўрсатгани, жиноятидан тўғри хулоса чиқарганлиги, қонун-қоидаларга амал қилгани асос бўлиб хизмат қилди.
Маҳкум А. С.га суд ҳукми билан иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Жазодан озод этилишига 10 ой 13 кун қолган маҳкум қилган ишидан қаттиқ пушаймонлигини таъкидлайди.
– Фирибгарлик жинояти содир қилдим, – дейди у. – Қилган хатойимни кеч англаб етдим. Берилган жазони тўғри ўтадим, қоидабузарлик қилмадим. Хулқимга қараб кечиришди. Албатта, ўз меҳнатим билан буни оқлашга ҳаракат қиламан.