Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Жаҳон банкининг “Аҳолининг ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳасини “SABR Mikrokredit Tashkiloti” LLC билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.
Мазкур лойиҳа аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини рағбатлантириш, уларнинг бизнес қилиш қобилиятларини юзага чиқариш, бизнес рентабеллигини ошириш ва иш ўринларини яратиш учун микрофирмаларни ташкил этишни режалаштираётган шахсларнинг бошқарув салоҳияти ва бизнес кўникмаларини оширишга қаратилган.

Лойиҳа 3та компонентдан иборат. Хусусан, ягона реестрни баҳолаш, жорий этиш ва ижтимоий тўловлар самарадорлигини ошириш назарда тутилган. Шунингдек, меҳнат бозори ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, Бандликка кўмаклашиш марказларининг имкониятларини кенгайтириш ҳамда меҳнат бозоридаги индивидуал фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган.

“SABR Mikrokredit tashkiloti” LLC томонидан амалга ошириладиган лойиҳанинг асосий вазифалари куйидагилардан иборат. Тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш, потенциал тадбиркорларнинг малака эҳтиёжларини тезкор баҳолаш, ўқув режасини ишлаб чиқиш шулар жумласидан. Лойиҳа мавжуд билим ва амалиётга асосланган, халқаро, турли бизнес кўникмалари, бозор муҳити, технологиялар ва тадбиркорлик жараёнларига мослаштирилган ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва ўқитиш жараёнларини таъминлайди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 2022, 2023 ва 2024 йилларда 15 минг 183 нафар хотин-қизлар, ёшлар ва эркакларга “SABR Mikrokredit tashkiloti” LLC томонидан тайёрланган 14та модуль асосида бизнес бошлаш қобилияти, тадбиркорлик эҳтиёжлари ва уларни ўлчаш, тадбиркорлик фаолиятини танлаш, маркетинг қоидалари, бизнесни режалаштириш, молиявий саводхонлик, тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари, кредитни бошқариш, Якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортиш ва бухгалтерия ҳисоби каби кўплаб мавзуларда тренинг дарслари ўтилади.
Тренинглар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги “Ишга марҳамат” мономарказлар ва айрим туман коллежларида ўтказилади. Таъкидлаш жоизки, ўқув модулининг ўқув дастури халқаро амалиётда мавжуд бўлган ва муваффақиятли қўлланилаётган материаллардан фойдаланган ҳолда тайёрланган.
Ушбу лойиҳа асосида Самарқанд шаҳрида Республика бўйича сараланган тренерлар учун “Тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш” бўйича тренинг бўлиб ўтмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА