Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1,5 мингдан ортиқ меҳнат мигрантлари тадбиркорликка ўқитилади
12:40 / 2021-01-02

2020 йил мураккаб, синовли бўлди. Хорижда ишлайдиган юртдошларимиз учун ҳам осон бўлмади.

Мамлакатимизда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш ва мигрантларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия, Япония ва БАА билан меҳнат миграцияси бўйича ҳукуматлараро битимлар тузилгани, чет элда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун алоҳида жамғарма ташкил этилгани шулар жумласидан.

2020 йилда айни йўналишда амалга оширилган ишлар, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни хусусида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги йиғма таҳлил бошқармаси бошлиғи Азим АҲМАТОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Президентимизнинг жорий йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган, аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шароитлар яратиш белгиланган, – дейди Азим Аҳматов. – Шу боис халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хориждаги ватандошлар ва ўзбек диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, касбий тайёргарлик ва чет тилларини ўргатиш, молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат миграциясидан қайтган шахсларнинг интеграцияси, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш каби масалалар белгилаб берилган.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон делегацияси Россияда бўлиб, меҳнат мигрантларини рус тили ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ўқув дарсларини йўлга қўйиш имкониятларини ўрганди. Ташриф доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университети ва “World Skills Russia” ташкилоти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама меморандум имзоланди. Унга асосан Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Қозон ва Новосибирск, Томск, Челябинск шаҳарларида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини рус тили ва касбга ўқитиш йўлга қўйилди. Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 271 нафар, Ўзбекистонда Россияда ишлаш истагидаги 728 нафар ҳамюртимиз рус тили ва касбга ўқитилди.

Ўқув курсларида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини қурилиш, хизмат кўрсатиш, транспорт ва логистика, техника ва технологиялар, ишлаб чиқариш, автомобилсозлик каби 25 та касб бўйича ўқитиш, шунингдек, рус тилини ўргатиш кўзда тутилган. Яъни, мигрантлар Россия бозоридаги талаб юқори бўлган, юқори ойлик тўланадиган касбларга ўқитилмоқда.

Айни пайтда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги меҳнат миграцияси соҳасини янада ривожлантириш мақсадида хорижий давлатлардаги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, Япония билан имзоланган, махсус малакали ишчилар мақомига эга бўлган хорижий меҳнат ресурсларини ишга қабул қилиш тизимини амалга ошириш тўғрисидаги ўзаро ҳамкорлик меморандумига мувофиқ, Ўзбекистон фуқароларини Японияга ишга юбориш тизимини жорий этиш учун Тошкент шаҳрида япон тили ва малака имтиҳонларини ўтказувчи тест маркази очилди. Бундан ташқари, дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари билан меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида салмоқли ишлар олиб борилаяпти.

Хорижда ишлаб Ўзбекистонга қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорликка ўқитиш, ички меҳнат бозорига мослаштириш борасидаги фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган қисқа муддатли ўқув курсларини тамомлаган 71 нафар меҳнат мигранти ва 60 нафар меҳнат инспекторига сертификат берилди. Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳа асосида 185 нафар меҳнат мигранти ўқитилди. Жорий йил яна 1,5 мингдан ортиқ меҳнат мигрантини тадбиркорликка ўқитиш режалаштирилган.

Ҳар бир мамлакатда меҳнат мигрантларини ишга қабул қилишнинг ўз тартиби бор. Масалан, Россияда ишлаш учун патент олиш лозим. Бунинг учун эса Россия қонунчилиги ва рус тилидан махсус сертификат талаб этилади. Россияда бу ҳужжатларнинг ҳаммасини тўғрилаш учун кўп вақт ва анча маблағ талаб этилади. Эндиликда хорижда ишлаш ниятида бўлган фуқароларга рус тили ва Россия қонунчилиги бўйича сертификатни мамлакатимизда туриб олиш имконияти яратилди.

Бугунги кунда Агентликнинг Кванджу (Корея Республикаси) ва Москва (Россия Федерацияси) шаҳарларидаги расмий ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 2019 йилда Москва шаҳридаги ваколатхонанинг Санкт-Петербург шаҳридаги вакиллиги, жорий йилда Носовибирск, Екатеринбург, Самара ва Уфа каби 4 шаҳарда вакиллик иш фаолиятини бошлади.

2020 йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 8 минг 690 нафар, хусусий бандлик агентликлари томонидан 714 нафар фуқаро хорижга ишлаш учун юборилди. 37 минг 48 нафар мигрантга ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган 708,3 минг доллар миқдоридаги иш ҳақи ва пуллик компенсациялар ундириб берилди. Пандемия даврида Ташқи ишлар вазирлиги ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда 11 минг 500 нафардан ортиқ меҳнат мигрантига турли кўринишдаги моддий ёрдам кўрсатилган.

Бугунги кунда бундай муҳим чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида амалга оширилмоқда. Албатта, бу ишлар меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат миграциясини қонуний ва тартибли ташкил этишда муҳим омил бўлади.

Барно Мелиқулова ёзиб олди, ЎзА