Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Нукус шаҳри ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ИИБ профилактика инспектори А.Даулетбаев 1,5 миллион пора олмаганлиги учун 2 миллион сўм билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ахборот хизмати маълумотига кўра, профилактика инспектори А.Даулетбаевга Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Н.Қ. қилган ҳуқуқбузарлиги учун тўпланган ҳужжатларни бости-бости қилиш эвазига 1 миллион 500 минг сўм пора таклиф қилган.
А.Даулетбаев ушбу вазиятни вазирлик раҳбариятига маълум қилган.
Шунга асос, Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармасининг Қорақалпоғистон бўйича бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Профилактика инспекторининг хизмат хонасида фуқаро Н.Қ. 1 миллион 500 минг сўмнинг 400 минг сўмини пора сифатида бераётганда қўлга тушган.
Ҳолат юзасидан айни пайтда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда фидокорлик билан хизмат қилган профилактика инспектори А.Даулетбаевни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирханов 2 миллион сўм билан тақдирлади.
Е.Қаноатов, ЎзА