Маълумки, Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг ташкил этилиши мамлакатимиз аграр соҳасининг икки муҳим тармоғи тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичини белгилаб берди.
Хусусан, йиллар давомида эътиборсиз қолган қоракўлчилик соҳасини тўлиқ қайта тиклаб, қишлоқ хўжалигидаги энг даромадли соҳага айлантириш борасида яхлит тизим яратилди.
Статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, соҳада ўтган йил давомида жун ва терини қайта ишлаш, бўрдоқичилик комплексларини ташкил қилиш орқали 23 миллиард сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, 1 минг 280 янги иш ўрни яратилди.
Жорий йилда 15 миллион долларлик қоракўлчилик маҳсулотларини экспортга йўналтириш режалаштирилган. Шунингдек, 175 та инвестицион лойиҳа доирасида 47,2 миллион доллар миқдорида инвестицияларни ўзлаштириш ҳамда соҳа бўйича жами 145 минг 500 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Айни кунларда республикамизда ҳаво ҳарорати, қўйлардаги тивит қатламининг кўтарилишига кўра 15 апрелдан 15 майгача қирқим мавсуми ҳисобланади. Қўмита томонидан ушбу мавсум давомида 9 минг тонна жун хомашёси етиштириш режалаштирилган.
– Кузга нисбатан баҳорги мавсумда қўйларнинг жуни узун ва сифатли бўлади, – деди Пиллачилик ва коракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Юсупов. – Жуннинг катта қисми кластерларга кооперация асосида бирлаштирилган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан, яна бир қисми аҳоли хонадонларида боқилаётган қўйлардан йиғиб олинмоқда. Мавсум бошлангандан буён ҳозиргача 2,4 миллион бош қўй қирқим қилинди.
Қирқим мавсуми тугагандан сўнг ушбу жун маҳсулотлари керакли тартиб ва андозалар асосида сараланиб, Хитой, Россия ҳамда Афғонистонга экспорт қилинади. Ҳозирда соҳада экспорт географиясини кенгайтириш устида тегишли чора-тадбирлар олиб боряпмиз.
Шунингдек, республикамизнинг қоракўлчилик ривожланган вилоятларида жунни тўлиқ қайта ишлаб, гилам, калава ип, мато, тайёр либослар ишлаб чиқариш бўйича фабрикалар ишга туширилмоқда.
Оддий ҳаётий ҳақиқат шуки, мазкур саъй-ҳаракатлар юртимизга катта миқдордаги инвестицияларни киритиш, экспорт ҳажмини ошириш ва дунё ҳамжамиятида ўз табиий маҳсулотларимиз билан янада танилишимизда юқори имкониятларни белгилайди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА