Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси ҳамда унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида меҳнат қонунчилигига риоя қилинмаган ҳолда бўшатилган беш нафар шахс ишга қайта тикланди.
Шунингдек, иш ҳақи ундириш билан боғлиқ ҳужжатларнинг ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ўтган давр мобайнида ушбу тоифадаги 2,1 миллиард сўмлик 163 та ижро ҳужжати бўйича ҳаракатлар олиб борилди. Натижада 1,7 миллиард сўмлик 96 та ҳужжат ижроси таъминланди. Амалда ундирув 1,5 миллиард сўмни ташкил қилди.
Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг ижро варақасига асосан “Наманган диагностика” масъулияти чекланган жамиятининг 29 нафар ишчи-ходимига иш ҳақи ундириб берилиши белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати бўйича Бюронинг Янги Наманган тумани бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, 80,6 миллион сўм миқдоридаги иш ҳақи ундириб берилиши таъминланди.
Бюро органларининг ходимлари мазкур йўналишдаги ишлар ижросини таъминлашда давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири