Ер сайёрасида иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар авж олиб, ҳароратнинг кўтарилиши, мавсумлар сурилиши каби ҳолатлар рўй бераётгани бутун инсониятни ташвишга солмоқда. Атмосфера ҳавоси таркибида қатор зарарли моддалар ва ис газлари миқдорининг кўпайиши ҳарорат ошишига, барча минтақаларнинг иқлими ўзгаришига сабаб бўлмоқда.
Экологик муаммолар занжир сингари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Мутахассисларнинг фикрига кўра, иқлим ўзгариши антропоген — инсон омили туфайли юзага келмоқда. Яъни, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган иссиқхона газлари глобал исишга сабабчи бўлиб, иқлим ўзгаришларини келтириб чиқармоқда. Иссиқлик газларининг ҳавога кўтарилиши ва Ер атрофида қобиқ сингари йиғилиб, иссиқхона эффектини юзага келтиради. Иссиқлик газлари — бу карбонад ангидрид, транспорт воситалари ва саноат корхоналаридан чиқаётган ис гази ҳамда метан (бошқа ис газларига нисбатан салбий таъсири 20 баробар кўпроқ) ҳисобланади.

Кўтарилаётган газларнинг Ер атрофида йиғилиб қолиши оқибатида Ер шарининг ҳарорати ошиб бормоқда. Оқибатда музликларнинг эриши тезлашяпти. Олимлар дунё миқёсида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташланмалар миқдори шу суръатларда давом этса, глобал исиш ва иқлим ўзгаришлари натижаси башорат қилиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Шу боис, бутун дунёда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш, унинг оқибатларини юмшатиш ва унга мослашишга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал таҳдидларга қарши курашиш мақсадида 2015 йил 12 декабрда Парижда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий конвенциясига бағишланган конференциясида Париж битими қабул қилинди. Мазкур битимнинг мақсади сайёрамизда глобал исишни индустриал ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий шкаласи бўйича 2°С га сақлаб туриш ҳамда ҳароратнинг 1,5°С гача ўсишини чеклашга ҳаракат қилишдан иборат. 2050 йилга бориб иссиқхона газларининг глобал ажратмаларини 40-70 фоизга камайтириш, 2100 йилгача эса уни 0 ёки манфий кўрсаткичга етказишни талаб этади.
Мазкур Париж битими Ўзбекистон Республикаси томонидан ҳам ратификация қилинган. Мамлакатимизда иқлим ўзгаришларини самарали ҳал этиш, унинг оқибатларини юмшатиш борасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш, шунингдек, Париж битими бўйича Ўзбекистон томонидан қабул қилинган мажбуриятларни самарали амалга ошириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президент ҳузурида Иқлим кенгаши ташкил этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тузилмасида ҳам биринчи марта иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш масалалари бўйича комиссия ташкил этилди. Бу эса иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга давлат сиёсати даражасида, парламент даражасида ечим топишга қаратилган ҳаракатлар намунасидир.
Умуман, сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини сақлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Экологик муаммолар ҳаётимизга, саломатлигимизга нақадар салбий таъсир кўрсатишини инсонларнинг ўзлари ҳам англаб, тушуниб етди. Иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, келгуси авлодлар учун соф экология, гўзал табиат ва бебаҳо табиий ресурсларни қолдириш барчамизнинг умуминсоний бурчимиздир. “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили” Давлат дастурида назарда тутилган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш орқали ҳам экологик муаммоларни юмшатишга ҳисса қўшиш мумкин.
Муҳтарама Комилова, ЎзА