Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
15 – май Халқаро иқлим куни
14:34 / 2022-05-15

15 май куни бутун дунё Халқаро иқлим кунини нишонлайди. Ушбу норасмий экологик байрамнинг таъсис этилиши метеорологларнинг ҳозирги ва келажак авлод фаровонлигига таъсир этувчи иқлимни муҳофаза қилишга чақирувига жавобдир.

Иқлим муҳофазаси бугунги кунда инсоният олдида турган глобал муаммолардан бири. Глобал исиш, атмосферада озон даражаси юқорилиги, табиий офатлар, сайёрамизда об-ҳаво шароити ўзгариши – буларнинг бари Ер иқлими ёмонлашишига олиб келади. Натижада озиқ-овқат, ҳаёт, мулк хавфсизлигига салбий таъсир кучаяди. Одамлар табиий ресурслар ҳолатига, давлатларнинг мувозанатли ривожланишига босим ўтказади.

Замонавий илм-фан Ердаги ҳарорат яна кўтарилса, иқлим қанчалик тез ўзгариши мумкин, деган саволга жавоб бера олмайди.

Бинобарин, эколог ва метеорологлар фикрига кўра, инсоният бундай ўзгаришларни ортга суриши мумкин.

Сайёрамизда қайтарилмас иқлим ўзгаришига олиб келадиган асосий муаммолардан бири атмосферада иссиқхона гази концентрацияси ошиши ҳисобланади.

Бу ҳодиса биринчи марта жаҳон миқёсида 1992 йил - Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Ер саммитида муҳокама қилинган. Ўша учрашувда дунёнинг 180 дан зиёд мамлакати вакиллари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясини имзолаган.

Ушбу келишув давлатларнинг атмосферадаги иссиқхона газини Ер иқлим тизимига глобал антропоген таъсир билан таҳдид солмайдиган даражада барқарорлаштиришга қаратилган ҳаракати умумий тамойилини белгилаб берди.

1997 йил охирида Киото (Япония)да бўлиб ўтган учинчи конференцияда иссиқхона гази чиқиндисини камайтириш ва барқарорлаштиришни ўз ичига олган Киото протоколи қабул қилинди.

Ўн йил ўтгач, 2007 йил декабрь ойида Индонезиянинг Бали ороли иқлим ўзгариши бўйича БМТнинг навбатдаги конференциясига мезбонлик қилди. Анжуман иштирокчилари - 190 дан ортиқ давлат вакиллари жаҳон етакчиларини бизнес ва саноат секторида карбонат ангидрид чиқиндисини камайтириш бўйича зарур чоралар кўришга чақирувчи халқаро шартномани имзолади.

Хуллас, Ер иқлимини сақлаб қолиш сайёрамизнинг ҳар бир аҳолисига боғлиқ. Бу ишга ҳисса қўшиш унчалик қийин иш эмас. 

Масалан, машинангизни камроқ ишлатишингиз, квартирангизда энергия тежовчи ёритиш манбаларидан фойдаланишингиз, дарахт экишда фаоллик кўрсатишингиз, яшил майдонларни ҳимоя қилишингиз мумкин. Эҳтимол, кимгадир арзимас икир-чикирдек туюлиши мумкин бўлган айни ҳаракатлар сайёрамиз аҳолиси нуқтаи назаридан таҳлил этилса, глобал аҳамиятга молик ишга айланади.

Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА