15 мартдан умумтаълим мактабларига таътил берилади
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу гап-сўзлар қанчалик асосли?
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу гап-сўзлар қанчалик асосли?
Бунга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ойдинлик киритди.
Умумтаълим мактабларида коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли 15 март кунидан бошлаб таътил эълон қилиниши ҳақидаги гап-сўзлар ижтимоий тармоқларда тарқалгани одамларда ваҳима уйғонишига сабаб бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мазкур маълумот нотўғрилигини маълум қилади. Ўқувчилар ўтган йилларида бўлганидек, 21 март кунидан навбатдаги таътилга чиқади. Таътил етти кун давом этади.
Таъкидлаш лозимки, Халқ таълими вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан мунтазам алоқада. Шу билан бирга, икки вазирлик мактабларда коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш бўйича қўшма қарор қабул қилган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда коронавирус инфекциясининг олдини олиш борасидаги тавсияларини постерлар шаклида чоп этди ва улар мактабларга тарқатилди.
Халқ таълими вазирлиги зарурат туғилганда вазият ривожланиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб боради.