Бутун дунёда ҳар йили 15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни сифатида нишонланади.
Мамлакатимизда ушбу кун 1996 йил 26 апрель – Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингандан бошлаб нишонланиб келинмоқда.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан мазкур сана муносабати билан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида истеъмолчиларнинг саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган “Молиявий саводхон ёш истеъмолчи” онлайн олимпиадаси ўтказилди.

Бундан кўзланган мақсад талаба-ёшларнинг молиявий хизматлар бўйича фойдаланишдаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан иборатдир.
Мазкур сана муносабати билан пойтахтимизда бўлиб ўтган халқаро тадбирда ғолиблар муносиб тақдирланди.
— Устозларим берган билим ва тажрибалар туфайли тест саволларини муваффақиятли топшириб, иккинчи ўринни қўлга киритдим, —дейди Тошкент давлат аграр университети талабаси Мадинабону Тўлабоева. Танлаган соҳамни жуда яхши кўраман. Молия тўғридан тўғри пул билан боғлиқ соҳа. Бу касбни эгаллашни истаган одам энг аввало пул сарфлари билан боғлиқ ҳуқуқларини яхши билиши керак. Дунё иқтисодини доимо кузатиб бораман. Ҳар бир мамлакат иқтисодини ўстириш учун энг аввало маҳсулот сифатини яхшилаб, импорт, экспорт масалаларига кўпроқ эътибор бериши керак деб ўйлайман. Ўзбекистон иқтисоди ўсишига ҳисса қўшадиган кадрларни тйёрлашда бу каби тадбирлар жуда муҳим.

Яна бир тадбирлардан бири республика миқёсида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича энг яхши корхона”ни аниқлаш учун танловлар ўтказилди.
Танловда умумий овқатланиш, чакана савдо, онлайн савдо, ишлаб чиқариш, молиявий хизматлар ва телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи корхоналар иштирок этишди.
Мазкур танловларда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА