Ҳар йили 15 март куни БМТ шафелиги остида Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни нишонланади. Илк маротаба ушбу сана 1983 йилда байрам сифатида белгиланган эди.
АҚШ нинг 35-Президенти Джон Кеннеди конгрессдаги нутқида биринчи марта “истеъмолчи” тушунчасига таъриф берган эди. Шунингдек, у истеъмолчининг тўртта ажралмас ҳуқуқи: ахборот олиш, товар ва хизматлар хавфсизлигига эга бўлган ҳуқуқи, товар ва хизматларни рақобат асосида танлаб олиш ҳуқуқи ва эшитилиш ҳуқуқини ажратиб кўрсатган эди.
1985 йилнинг 9 апрелида БМТ Бош ассамблеяси истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Йўриқномани қабул қилди.
Ушбу ҳужжат қабул қилиниши билан истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари халқаро эътироф ва қонунийликка эга бўлди. Унда ҳукуматларнинг истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги сиёсат ва қонунчиликни белгилашда амал қилиши лозим бўлган қоидалар назарда тутилган. БМТ резолюциясининг қабул қилиниши ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берди.
Ўзбекистонда Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганидан буён нишонланади (1996 йил 26 апрель).
Ҳар йили Истъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги аҳолининг истеъмолчилик маданиятини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказади.
Гулруҳ Абдуллаева, ЎзА