ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасида 15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунига бағишлаб семинар ташкил этилди.
Молиявий саводхонлик – бугунги кун ёшлари учун муҳим аҳамиятга эга ва энг зарур билимлардан ҳисобланади. Аслида, молиявий саводхонлик – даромад ва харажатларни режалаштириш, маблағни жамғариш, қарзни ақл билан олиш, таққослаш ва таҳлил қилиш ҳамда молия оламидаги истеъмолчилар ҳуқуқларини билишдан иборатдир.
[gallery-10987]
Семинарда бошқарма томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг молиявий саводхонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, 2022 йилда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига жами 6701 та ариза ва мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларни ўрганиш давомида фуқароларга жами 1,7 миллиард сўм пул маблағи қайта ҳисоб-китоб қилиб берилишига эришилган.
Семинар давомида истеъмолчилар ҳар қадамда дуч келаётган турли камчилик ва эътиборсизликни тугатиш борасида қатор таклифлар ўртага ташланди.
Камола Юсупова, Муҳаммад АМИН (сурат) ЎзА