Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
15 кун ичида 15 та давлат активи 24,8 миллиард сўмга хусусий секторга сотилган
15:18 / 2024-01-18

Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда айтиб ўтилди.

Хусусийлаштириш дастурларига асосан ҳудудий бошқарма томонидан 2023 йил давомида бошланғич қиймати 391,4 миллиард сўмни ташкил этган 213 та давлат активи оммавий савдоларга чиқарилиб, шундан 62 таси 104,8 миллиард сўмга хусусий секторга сотилиши ташкил этилди.

Шунингдек, 2024 йилнинг ўтган 15 кунида умумий қиймати 21,4 миллиард сўм бошланғич нархдаги 15 та давлат активи оммавий савдолар орқали 24,8 миллиард сўм қийматда хусусий секторга сотилди.  

Жумладан, Қарши шаҳар, Батош МФЙ, Қарши-Бешкент йўлида жойлашган собиқ “Комендатура биноси” бошланғич баҳоси 12,8 миллиард сўмга савдога чиқарилган ва нархини босқичма-босқич пасайтириш, сотиб олиш тўловларини 36 ой давомида бўлиб тўлаш каби имтиёзлар билан 8,1 миллиард сўмга сотилган.

[gallery-15525]

Бугунги кунда тадбиркор томонидан ушбу бинода қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавотларни сақлаш ҳамда иккинчи босқичда уларни қайта ишлаган ҳолда истеъмолчиларга етказиб бериш фаолияти йўлга қуйилди.

Ҳудди шундай Қарши шаҳар Қарши-Бешкент йўли 3-километрда жойлашган “Автогараж бино-иншоотлари” инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар билан “нул” харид қийматда сотиш белгиланган.

“Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК томонидан 2020 йил 28 октябр куни ташкил этилган электрон онлайн савдода 19,7 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритиш ва мебел хомашёси ҳамда мебел маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш орқали 110 нафар янги иш ўрни яратиш таклифини берган Қарши шаҳридаги “Grant Mebel  Dizayn” масъулияти чекланган жамияти ғолиб деб топилган ва савдо натижаси билан баённома тасдиқланган.

Бугунги кунгача харидор томонидан объектга 20 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Мавжуд иншоотлар таъмирланган ҳамда янги ишлаб чиқариш цехи ҳамда офис ва хизмат кўрсатиш иншоотлари  қурилган ва замонавий ускуналар ўрнатилган.

Объектда биринчи босқичда мебель ва мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилган ҳамда 100 дан ортиқ иш ўрни яратилган ҳамда  иккинчи босқичда шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қуйилади.

Тадбир давомида мазкур корхоналар фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди.  

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда умумий бошланғич қиймати 264,3 миллиард сўм бўлган 138 та давлат активининг оммавий аукцион савдолари давом эттирилмоқда.

Шу билан биргаликда, Давлат активларини бошқариш агентлиги Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йилда амалда ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинган. Хусусан, 2024 йил давомида Президентимиз раҳбарлигида 2024 йил 16 январда ўтказилган йиғилиш топшириғига асосан “Давактив” агентлигига берилган топшириқлар, жумладан, вилоятдаги савдоларга чиқарилган 5 та дон корхонасидан 1 таси –“Дунё-М” АЖ 2023 йил декабрь ойида сотилганлиги ва қолган 4 та дон корхонасини бозор қийматига тенглаштириш ва мақбуллаштириш орқали тадбиркорларга сотиш ишларини жадаллаштириш таъминланади.  

Шунингдек, хусусийлаштириш дастурларига киритилган қиймати 124,7 миллиард сўм бўлган 169 та давлат активлари савдога чиқарилиши ҳамда 528,2 миллиард сўм қийматлик 150 та давлат активлари сотилиши режалаштирилмоқда.

Хусусийлаштиришнинг барча манбаларидан 2,1 триллион сўм миқдорида маблағлар тушириш мўлжалланмоқда.  

Йил давомида 18 та шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилиши ҳамда объектларнинг ишга туширилиши ташкил этилади. Натижада ушбу объектларга 52 миллиард сўм ва 3,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилиши ҳисобига 402 нафар янги иш ўрни яратилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш мақсадида 205 гектар бўлган 3 минг 881 та ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилиши ҳамда 45 миллиард сўм қийматлик 105 гектар ер участкаси сотилиши режалаштирилмоқда. Давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли мулкни ижарага бериш бўйича 1 минг 350 та шартнома тузилиши режалаштирилган бўлиб, натижада 14 миллиард сўм тушум тушириш таъминланади.

 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),  

ЎзА мухбирлари