Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
15 июль - юртимиз тарихи билан боғлиқ айрим воқеалар
08:32 / 2021-07-15

КУН ТАРИХИ

1865 йил (бундан 156 йил олдин) – Бухоро амири Музаффар ўз паноҳида яшаётган Худоёрхонни учинчи марта хонлик тахтига ўтқизиш мақсадида Қўқонга ҳарбий юриш қилиб, пойтахтга кирди. Шундан кейин амир Музаффар Қўқон хазинасидаги қимматли молларни, 400 га яқин қиз ва аёлларни ўлжа сифатида Бухорога олиб кетди. Оқибатда Қўқон хонлиги мисли кўрилмаган катта талафот ва инқирозга учради.

1909 йил (бундан 112 йил олдин) – Тошкентда «Жамияти имдодия» ташкил этилди (айрим манбаларда мазкур жамиятнинг 10 августда ташкил этилгани ёзилган). Ушбу муассаса ташкилотчилари бошида Тошкент жадидларининг етакчиси Мунаввар қори Абдурашидхонов турди. «Жамияти имдодия»нинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлган: маҳаллий халқнинг барча қатламлари таълим олишлари учун турли мактаблар ташкил этиш; йўқсил болалар ва етимларга ғамхўрлик қилиш; турли бошпаналар ташкил этиш; мусулмон талабаларига моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқалар.

1920 йил (бундан 101 йил олдин) – пул танқислиги кучайганини ҳисобга олиб, Туркистон Республикаси ҳукумати 5000 рубллик вақтинчалик кредит билетларини чиқарди. Тарихчи Р.Тўхтаеванинг қайд этишича, йирик пул бирликлари Туркистон бозорида кенг қўлланила бошланди. Муомаладаги барча пулларнинг 45 фоизини 1000 ва 5000 рубллик купюралар ташкил этди. Улар оммавий ишлатиладиган купюраларга айланди. Аммо бу тадбирлар Туркистон иқтисодини изга солиш ёки пул жамғаришни қулайлаштириш учун эмас, балки ўлкада кечаётган иқтисодий инқирозни бироз юмшатиш мақсадида амалга оширилди.

1925 йил (бундан 96 йил олдин) – Хива шаҳрида хотин-қизлар билим юрти очилди. Мазкур педагогика техникуми ўз фаолиятини дастлаб Али Маҳрамнинг, кейинчалик Нурмурат Маҳрамнинг тортиб олинган уйида давом эттирди.

1937 йил (бундан 84 йил олдин) – Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби Акмал Икромов СССР Компартияси Марказий Қўмитаси бош котиби Иосиф Сталинга Тошкентдан 1263/ш-сонли шифир телеграмма йўллади. Унда барча ўзбек раҳбар ходимлари текшириб чиқилгани, Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети (ҳукумат) раиси бўлиши мумкин бўлган икки номзод танлаб олингани, улар партияга, сталинча Марказий Қўмитага сўссиз садоқатли экани айтилган.

1949 йил (бундан 72 йил олдин) – режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Рустам Ҳамидов таваллуд топди. У саҳналаштирган спектакллар романтик кўтаринкилиги, мавзулар хилма-хил ва долзарблиги, юморга бойлиги, ҳажвий ўткирлиги билан ажралиб туради. Ўзбекистонда театрлашган оммавий томошалар тури ривожланишида ҳам унинг ўрни алоҳида. Рустам Ҳамидов 1998 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

1996 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Эфиопия Федератив Демократик Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди.

2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер ресурслари ва давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

 

Алишер ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади