Илм – хаста кўнгил чироғи
15 февраль – «Халқаро болалар онкологияси куни». Бугунги кунда дунё бўйлаб жуда кўп мурғак болалар онкологик касалликлардан азият чекади. Афсуски, Ўзбекистонда ҳам бу хасталик билан оғриган болалар кам эмас.


«Адолат» социал-демократик партияси аҳоли, айниқса, ёш авлод саломатлигини сақлаш борасида қатор муҳим ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Масалан, партия томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик акцияси, болалар ўртасида стоматологик, сколиоз ва ясситовонлик касалликларининг олдини олишга қаратилган қатор ташаббуслар шулар жумласидандир.
Партия ахборот хизматининг тақдим этган маълумотларига кўра, юқоридаги тадбирларнинг узвий давоми сифатида партия ташаббуси билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиалида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги билан ҳамкорликда «Илм – хаста кўнгил чироғи» мавзусида тадбир ташкил этилди. Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад онкологик касалликларни даволашга ихтисослашган тиббиёт марказларидаги бемор ўғил-қизларнинг бўш вақтини самарали ўтказишни ташкил этиш ва уларнинг шифо топишларига руҳан кўмак бериб, ўқув курсларини йўлга қўйиш орқали хорижий тилларни ўрганишга имконият яратиб беришдан иборат.


«Халқаро болалар онкологияси куни» муносабати билан старт олган лойиҳанинг илк тадбирини «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори ўринбосари Азимжон Ҳусанов ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали бош шифокори Дониёр Исҳоқов, Болалар онкологияси жарроҳлик бўлими мудири Ҳусан Саидов иштирок этиб, бемор болажонларнинг шифо топиб, илм ўрганишларида ушбу ташаббуснинг аҳамияти хусусида фикр билдирди.
Тадбир жараёнида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги мутахассислари томонидан лойиҳа доирасидаги биринчи очиқ дарс ўтказилди. Тадбир якунида бемор болажонларга партиянинг эсдалик совғалари ҳамда Агентликнинг махсус китоблари тақдим этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА