Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
15-17 апрель кунлари Халқаро ёшлар цирк санъати фестивали бўлиб ўтади
18:54 / 2021-04-12

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси томонидан Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси, жорий йилнинг 15-17 апрель кунлари бўлиб ўтадиган Халқаро ёшлар цирк санъати фестивалига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда таъкидланганидек, ҳар йили апрель ойининг учинчи шанба куни бутун дунёда Халқаро цирк санъати куни кенг нишонланади. Ушбу сана ҳамда 2021 йил – «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»га бағишлаб жорий йил мамлакатимизда илк марта Халқаро ёшлар цирк-фестивали бўлиб ўтади. 

Унда ўзбекистонлик цирк усталари билан бирга Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан ҳам ижодий жамоалар қатнашиши кўзда тутилган. Халқаро ёшлар цирк санъати фестивали соҳада халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мутахассисларнинг соҳага оид фикр ва тажриба алмашиши учун кенг имконият яратишдек мақсадларни кўзлайди. 

Белгиланган карантин талабларига мос тарзда ташкил этилаётган ушбу фестивалда цирк санъатининг турли жанр ва йўналишлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Шунунгдек, ёшлар цирк ижодий жамоаларини қўллаб-қувватллашдек мақсадларни кўзлайди.

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, фестиваль давомида маҳорат дарслари, семинар, мулоқотлар ўтказилиши кўзда тутилган. Фестивалда ўн еттита жамоа қатнашиши режалаштириляпти. Иштирокчилар ижроси олтин, кумуш, бронза медаллари билан бирга «Энг яхши композицион дастур учун», «Энг яхши трюк ижроси учун», «Энг яхши постановка учун» каби номинациялар бўйича ҳам баҳоланади.

Анжуманда цирк санъатининг бугунги аҳволи хусусида ҳам сўз юритилди. Маълумки, бугунги кунда наинки юртимиз, балки бутун дунёда муайян сабабларга кўра, цирк санъати ўз аудиториясини тобора йўқотиб бораётир. Бу эса соҳа ходимларидан ўз устида тинимсиз ишлашни, изланишни талаб этмоқда.

Мамлакатимизда Зариповлар, Тошкентбоевлар, Юнусов, Хаметовлар каби цирк сулолалари яхши маълум. Соҳага доир қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам айнан ўзбек цирк санъатининг жамиятдаги ролини ошириш, цирк дастурлари ва спектаклларининг бадиий савияси ва қамровини кенгайтириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш, циркнинг ёш мутахассисларини тайёрлаш, «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси ва унинг таркибидаги кўчма цирклар (шапитолар)нинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўзбек цирк санъатига давлат-хусусий шериклик тамойилларини кенг жорий қилиш орқали инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, аҳолига тақдим этилаётган цирк хизматларининг натижадорлиги ва сифатини оширишдек мақсадларни кўзлайди.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида кўчма цирк жамоалари ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, Республика ихтисослаштирилган эстрада ва цирк мактаби ҳамда «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси ўртасида тизимли равишда таълим ва амалиёт интеграциясини йўлга қўйиш, ихтисослаштирилган мактабнинг таълим жараёнига цирк сулолалари вакиллари ва малакали цирк ва театрлар артистларини жалб этиш каби йўналишлар бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Матбуот анжуманидан олган хулосамиз шуки, цирк санъати мутасаддилари ҳам эндиликда ўз ишларига янада кўпроқ жонбозлик, фидойилик билан ёндошишлари зарур эканини даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА