Бугун Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжумани "Ўзбекгеологияқидирув" АЖнинг 2024 йил якунлари, эришилган натижалар ва устувор вазифаларга бағишланди.
Унда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекгеологияқидирув” АЖ масъуллари ўтган даврда ер қаърини геологик ўрганиш, хусусан рангли қимматбаҳо металлар ва бошқа фойдали қазилма майдонларида геологик-қидирув ишларини ташкил этиш, рангли ва қимматбаҳо металларнинг истиқболли майдонларини топиш учун илмий-тематик ишлар бўйича тўхталиб ўтди.
Қайд этилишича, 2024 йил давомида НКМК ва ОКМК маблағлари ҳисобидан 142 та лойиҳа бўйича олтин, кумуш, мис, қўрғошин, рух, вольфрам ва бошқа фойдали қазилмаларга геологик қидирув ишлари амалга оширилди. Йил якунида 20 та лойиҳа бўйича геология-қидирув ишлари тугатилиб, якуний геологик ҳисобот тузилди. Жами 746 918 п.м. бурғилаш ишлари олиб борилди, шу жумладан, шнекли, ҳаво зарбали, колонкали бурғилаш жараёнлари амалга оширилди. Чуқур бурғилаш 1200-1800 метргача етди.
Геология-қидирув ишларида аэрогеофизика ва дрон ускуналаридан фойдаланиш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, сунъий интеллект ва рақамли моделлаштириш технологиялари қидирув жараёнларига интеграция қилинди, бу эса маълумотларни таҳлил қилиш самарадорлигини оширди.
[gallery-22232]
2024 йил давомида "Ўзбекгеологияқидирув" АЖ ISO 9001:2015 стандарти бўйича сертификатлашдан муваффақиятли ўтди. Бу эса геология соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ ишлашга катта туртки беради. Шунингдек, минерал хомашё базасини кенгайтириш, геологик қидирув ишларининг самарадорлигини ошириш ва янги инновацион технологияларни жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгилаб олинди. Геологик тадқиқотларда халқаро ҳамкорликни кучайтириш, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ресурслар базасини бойитишга катта эътибор қаратилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги геологик қидирув лойиҳаларини амалга ошириш, геология соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар режалаштирилган. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш орқали соҳани янада ривожлантириш мақсад қилиб қўйилган.
Геологик қидирув ишларида замонавий технологияларни жорий этиш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. 2024 йилда бу борадаги ишлар натижасида прогнозлаш самарадорлиги оширилди. Бу усуллар ёрдамида маълумотларни тезкор таҳлил қилиш, янги конларни аниқлаш ва мавжуд ресурсларни самарали бошқариш имконияти кенгайди.
Шу билан бирга, қидирув ишларида аэрогеофизик тадқиқотлар ва дронлардан кенг фойдаланилди. Бу технологиялар катта ҳажмдаги геологик маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш жараёнларини автоматлаштиришга ёрдам берди. Ушбу ёндашувлар қидирув жараёнининг аниқлиги ва тезкорлигини оширишга хизмат қилди.
–Геология соҳасида халқаро тажрибани ўрганиш ва замонавий стандартларга мослашиш мақсадида бир қатор халқаро ташкилотлар ва илмий институтлар билан ҳамкорлик ўрнатилди. Германия, Канада, Хитой ва Россия давлатларининг етакчи геологик марказлари билан қўшма тадқиқотлар ва тажриба алмашиш дастурлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, халқаро инвестицияларни жалб қилиш орқали янги геологик қидирув лойиҳаларини молиялаштириш йўлга қўйилди. Бу эса соҳанинг янада жадал ривожланишига хизмат қилади, – деди Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Элдор Муҳаммадиев.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА