140 миллион долларлик қурилиш материаллари экспорт қилинди
Бу ҳақда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан журналистлар ва блогерлар учун уюштирилган пресс-турда маълум қилинди.
Бу ҳақда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан журналистлар ва блогерлар учун уюштирилган пресс-турда маълум қилинди.
2019 йилда 16,8 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 2018 йилга нисбатан ўсиш 117,4 фоизни ташкил этди. Асосий қурилиш материалларидан 11 миллион тонна цемент, 18,8 миллион метр квадрат қурилиш ойнаси, 43,1 миллион метр квадрат гипсокартон, 16,5 миллион метр квадрат керамик плитка ва бошқа материаллар ишлаб чиқарилди.
Шунингдек, 140 миллион долларлик қурилиш материаллари экспорт қилиниб, белгиланган режа 147 фоизга бажарилди. Ўтган йилга нисбатан эса экспорт ҳажми 173,9 фоизга оширилди. Экспорт географияси анъанавий Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларидан ташқари, Озарбайжон, Афғонистон, Россия, Туркия ва Хитой давлатлари ҳисобига кенгайтирилди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 418 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва натижада 47 миллион долларлик импорт қисқартирилди. Ўтган йилда соҳага жами 1,3 миллиард долларлик, шу жумладан, 570 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди.
– 2019 йилда қиймати 583 миллион долларлик 866 та лойиҳа ишга туширилди, – дейди "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Улуғбек Абраев. – Натижада 8 минг 850 та янги иш ўрни ташкил этилди. 2019 йилда қурилиш материаллари нархлари индекси 2018 йилга нисбатан 109,5 фоизни ташкил этди. Қурилиш вазирлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги билан ҳамкорликда 340 та қурилиш материалини ишлаб чиқариш бўйича халқаро стандартлар қабул қилинди. Уюшма таркибидаги 40 та корхона Сифат менежмент тизими (ISO 9001) сифат сертификатига эга бўлди.
Тадбирда жорий йилда соҳа бўйича қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини 22 триллион сўмга, шу жумладан, уюшма таркибидаги корхоналар бўйича 5,9 триллион сўмга етказиш режалаштирилгани қайд этилди.
2020 йил Инвестиция дастури доирасида "Оҳангаронцемент" АЖда 2,4 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш янги линияси, "Кварц" АЖ томонидан 22,2 миллион метр квадрат ойна ишлаб чиқариш янги линияси, “Самарқанд Афросиёб цемент” МЧЖда 560 минг тонна юқори маркали цемент ишлаб чиқариш, “Сурхан КСП Гранд” МЧЖда 150 минг куб метр ва “Мўйноқ ЛДСП” МЧЖда 50 минг куб метр қамишдан ДСП ишлаб чиқариш каби йирик лойиҳалар ишга туширилади.
Соҳа мутасаддилари жорий йилда Инвестиция дастури доирасида қурилиш материалларига оид 48 йирик лойиҳа ишга туширилишини қайд этди.