Бугун, 23 ноябрь куни Италиянинг Монтесильвано шаҳрида шахмат бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатида 14 ёшгача бўлганлар орасида 8 очко билан етакчилик қилаётган ҳамюртимиз Афрўза Ҳамдамова 10-тур баҳсида Халқаро шахмат федерацияси байроғи остида ҳаракатланаётган Анна Шухман билан куч синашади.
Айтиш лозим, Афрўза Ҳамдамова кеча ўтказилган 9-тур ўйинида қора доналарда грузиялик Анастасия Киртадзени мағлуб этгани чемпионатнинг шов-шувли натижаси бўлди.
125 нафар иштирокчи орасида жаҳон чемпионлигига асосий даъвогар бўлиб турган Афрўза бугунги баҳсни ҳам ўз фойдасига ҳал этса, мамлакатимиз шахматчи қизлари орасида илк бор дунёнинг энг кучли шахматчиси мақомига кўтарилади.

Мусобақада иштирок этаётган мамлакатимиз шахматчиларидан Миразиз Қўзиев 14 ёшли ўғил болалар орасида 6 очко билан 30-ўринда, 16 ёшли қизлар мусобақасида қатнашаётган Гулдона Каримова 6 очко жамғариб, 138 нафар иштирокчи орасида 16-ўринда бормоқда.
Бугун ўтказиладиган 10 турда М.Қўзиев австриялик Лукас Дотцер билан, Г.Каримова эса мўғулистонлик Эрденебаяр Хуслен дона суради.
80 та давлатнинг 760 нафардан зиёд ёш шахматчилари иштирок этаётган чемпионат 25 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА