Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
14 оила ажримдан асраб қолинди
15:44 / 2022-05-24

Гулистон шаҳрида ўтган ойлар мобайнида 38 та ажрим ёқасига келиб қолган оила аниқланган.

Мутахассислар томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, сўнгги ўн йил ичида ажримлар сони икки баробарга ортган. Аслида дабдабали тўйдан кейин оила, деб аталмиш муқаддас даргоҳда осонгина яшаб кетилавермайди. Оила унинг ҳар бир аъзосидан ҳар томонлама тайёргарликни, маънавий-ахлоқий юксаклик ва софликни талаб қилади. Ёш оиланинг ўзига хос масъулияти, ёзилмаган қонунларга итоат этиш мажбуриятлари ҳам бор. Оила сабот, чидам, сув келса симириб, тош келса кемириб, ҳаёт қийинчиликларини енгиб ўтишни талаб қилади. Янги ҳаётга қадам қўйган ҳар бир инсон бахтли турмуш, муҳаббат ва садоқатни ният қилади.

Тўғри, оилавий низолар, эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик ва никоҳнинг бекор қилиниши азалдан бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида Ёшлар марказида хотин-қизлар фаоллари, туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари ҳамда ИИБ, прокуратура, бандликка кўмаклашиш, соғлиқни сақлаш, адлия ташкилотларининг масъуллари билан учрашувида ҳам ажримлар мониторинг қилинди. Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оила ва хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларни касб-ҳунарга, оилавий ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилаларда зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларининг олдини олиш, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, ажрим ёқасидаги оилаларни ўрганиш, оиланинг иш билан банд бўлмаган аъзолари бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш орқали ажримларнинг олдини олиш юзасидан вазифалар берилди. Аммо шунга қарамай Гулистон шаҳрида 38 оила ажрим ёқасига келиб қолган. Бу оилаларда ажримга олиб келаётган сабаблар чуқур ўрганилди. 14 оилани яраштиришга эришилди.

Гулистон шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими, фаол аёллар, маҳалла профилактика инспектори, психолог билан биргаликда оилалар ўрганилиб, суҳбат ўтказилди. Фарзандлар тақдирига бефарқ бўлмаслик, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича тушунтиришлар олиб борилди. Н. ва Х. ҳам уч йиллик оилавий низолар остида яшаган... Турмуш қурганига эндигина бир йил бўлган ёшлар ажрашишга қарор қилган.... Янги келинчак аразлаб ота уйига кетиб қолган... Бу каби муаммолар психолог аралашувидан сўнг ижобий ечим топиб, оила аъзолари ажрашиш фикридан қайтди.

Арзимаган важлар сабаб оилани барбод этиш, албатта, болалар тарбиясига салбий таъсир этади. Ватан ичра кичик ватанни кўз қорачиғидек асрайлик.

Азизахон Пайзиева,
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар бўлими бошлиғи.
ЎзА