Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
14 нафар маҳкум муддатидан илгари шартли озод қилинди
16:38 / 2022-02-26

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг раиси Муроджон Мирзажонов ва судья Аббосхон Шамахмудов томонидан тумандаги «Биллур» маҳалла фуқаролар йиғинида Пробация назорати остидаги шахслар иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди...

Суд жараёнида жами 14 нафар маҳкум Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазо муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилинди.

— Юнусобод туман ИИО Пробация бўлинмаси бошлиғининг Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан озодликни чеклаш жазосидан шартли равишда озод қилиш ҳақидаги 14 нафар маҳкумга нисбатан киритган тақдимномаси атрофлича ўрганилди. 14 нафар маҳкумнинг қилган ишидан пушаймонлиги, ўзига тегишли хулоса чиқариб олгани, жазо муддатининг белгиланган қисмини ҳақиқатда ўтаб, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги ва тузалиш йўлига ўтганлигини эътиборга олиниб тақдимномалар қаноатлантирилди. Улар тайинланган жазонинг ўталмаган муддатидан илгари шартли озод қилинди, - дейди жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди раиси Муроджон Мирзажонов.

Сайёр суд мажлисида судланувчилар туман ИИО ФМБ Пробация бўлинмаси ҳисобига олингани, шу вақт ичида қилмишидан қаттиқ афсусдалиги, жазо тартибини бузмагани, иш жойида фақат ижобий тавсифланиб келаётгани, келгуси ҳаётида эътиборли бўлиб, ҳалол меҳнат билан шуғулланишга ваъда беришди.

Улар орасида ЖКнинг 277-моддаси (безорилик) 2-қисми «б» банди, ЖКнинг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-қисми, ЖКнинг 274-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш) 4-қисми, 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми каби жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилган шахслар бор.

Хусусан, «Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2020 йил 23 июндаги ҳукмига кўра, судланувчи ЖКнинг 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 62-моддасини қўллаган ҳолда, 4 йил 6 ой 2 кун муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинганди. Судланувчи жазонинг 1 йил 7 ойини ўтаган, ўталмаган қисми эса 2 йил 11 ой 2 кунни ташкил этади. Суд мажлисида содир этган жиноятидан пушаймон бўлиб, ўзига тегишли хулоса чиқарганини, келгусида ҳалол меҳнат қилиб, Ўзбекистон Республикаси қонунларига риоя қилишини билдириб, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилишни сўради. Суд пробация бўлинмаси бошлиғининг тақдимномасини қаноатлантирди. ЖКнинг 73-моддаси 3-қисми «а» бандига асосан озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди”, дейди жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди судьяси Аббосхон Шамахмудов.

Сайёр суд давомида судьялар томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди.