Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Қайд этилишича, Касаба уюшма ташкилотлари саъй-ҳаракатлари натижасида 14 мингга яқин ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 13,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди. Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда 1 нафар ходимга йил давомида сарфланган маблағ миқдори 1,5 миллион сўмдан 5 миллион 62 минг сўмгача ошди. Нодавлат ташкилотларининг 900 мингга яқин ходими касаба уюшма аъзолигига жалб этилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида жамоа шартномалари орқали 173 мингдан ортиқ фуқарога ва қарийб 49 минг оилага 117 миллиард 439 миллион сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.
Касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 14 та соғломлаштириш маскани қурилди, 5 таси реконструкция қилинди. Натижада бир йилда қўшимча равишда 34 минг нафар юртдошимизни тизимдаги санаторийларда соғломлаштириш имконияти яратилди.
“Аёллар дафтари” тизими орқали ўтган давр мобайнида касаба уюшмалари томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар билан ҳамкорликда 6,5 миллиондан ортиқ хотин-қиз билан мулоқотлар ўтказилиб, улардан 900 минг нафар хотин-қизнинг муаммолари ижобий ҳал этилди. Аёлларни қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини ҳал этиш мақсадларига давлат томонидан 1 триллион 951 миллард сўм маблағ йўналтирилди.
Ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларининг поймол этилиши борасида аниқланган фактлар бўйича иш берувчиларга 3 мингдан ортиқ тақдимнома, судларга 800 га яқин даъво аризаси киритилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА